Дунёнинг йирик банклари пандемия йилида қанча фойда ва зарар кўрди? 

Олам 2230
image

Дунёнинг энг йирик банклари COVID-19 пандемияси босимига дош берган ҳолда, ўзларининг биринчи даражали капиталига 12,7 фоиз қўшди ва уни 9,9 триллион долларлик даражага олиб чиқди. Бу ҳақда “The Banker” маълум қилган.  

Таъкидланишича, жами активлар 16,0 фоизга ўсиб, 148,6 трлн долларни, депозит базаси эса 17,1 фоизга ўсиб, 93,9 трлн долларни ташкил этган. 2007-2009 йиллардаги глобал молиявий инқироз билан таққослаганда, банк сектори янада барқарорлашган. Умуман олганда, дунёдаги 1000 та энг йирик банклар кредитлар бўйича зарарни қоплашни 25,8 фоизга оширган. 

Хабарга кўра, қийин иқтисодий шароитларга қарамай, банклар солиқ тўлашдан олдин фойда келтира олишган. Бироқ, аксарият давлатлар солиққа тортилгунга қадар фойда пасайишини қайд этган ва фақатгина 16 мамлакат умумий даромадни оширган. 

Дунёдаги 1000 та энг йирик банкларнинг умумий фойдаси йилига 19,2 фоизга тушиб кетган бўлса-да, бу 2009 йилдаги молиявий инқироз оқибатлари билан таққослаганда деярли хавфли эмас. 2009 йилда фойда 85,3 фоизга камайганди. 

Қайд этилишича, Хитой биринчи даражали жами капитал ва жами активларни мос равишда 18,6 фоиз ва 18,4 фоизга кўпайтириб, жаҳон банк саноатининг ўсиш двигатели бўлиб қолмоқда. Дунёнинг энг йирик банклари рейтингидан 144 та банки жой эгаллаган Хитойда ҳозирги кунда биринчи даражали капитал (2,96 трлн доллар) рейтингдан 178 та банки ўрин олган АҚШдан (1,58 трлн доллар) қарийб икки баравар кўп. 

Умуман олганда, Хитой банклари биринчи даражали умумий капитални 18,6 фоизга, АҚШ банклари эса 8,5 фоизга кўпайтирган. Бундан ташқари, Хитойда фойда йилига 5,2 фоиз ўсишда давом этган, АҚШ (31,5 фоизга) ва Ғарбий Европада (41,8 фоизга) эса камайган. 

Бироқ, Ғарбий Европа учун ўтган бир йил оғир келган. Банкнинг умумий фойдаси Германияда 43,71 фоиз, Италияда 75,72 фоиз, Голландияда 47,67 фоизга камайган, Францияда эса 11,61 фоизгача пасайиш кузатилган. Испания солиқ тушумидан олдин салбий даромадларни умумий даражада эълон қилган, унинг иккита йирик банки — Banco Santander ва Bankia ушбу даврда фойдадан зарарга ўтган. 

Осиё-Тинч океани минтақаси соф фойда тўғрисидаги маълумотлар асосида глобал фойданинг ярмидан кўпини (55,1 фоиз) ташкил этган, бу эса 2020 йилдаги рейтингда 43,5 фоизни ташкил этган. Шу сабабли, Осиё-Тинч океани минтақаси фойда улушини оширган ягона минтақа бўлган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 27
Рейтинг: 3.2
t
×