Дунёнинг ярми бизнинг диктатурамизни орзу қилади – Лукашенко
Олам
−
25 Март
4563Дунёнинг ярми Беларусдаги диктатурани орзу қилади. Бу ҳақда бугун, 25 март куни мамлакат резиденти Александр Лукашенко Мустақиллик саройидаги инаугурация маросимида сўз очди.
“Ярим дунё бизнинг диктатурамизни орзу қилади – ҳақиқий амаллар ва халқимиз манфаатлари диктатурасини”, деди у.
Лукашенконинг таъкидлашича, мамлакатда сўз эркинлиги билан ҳаммаси жойида.
“Бизда ўзини демократия намунасиман, деб атаётганлардан ҳам кўпроқ демократия бор”, деб қўшимча қилган у.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда ҳар бир фуқаро конституциявий ҳуқуқ ва имкониятга эга бўлиб, ўз фикрини билдира олади.
“Лекин авлодлар томонидан барпо этилган ҳамма нарсани йўқ қилишга чақириш керак эмас. Биз сўз эркинлигидан ўз мамлакатимизни вайрон қилиш учун калтак сифатида фойдаланишларига йўл қўймаймиз”, деди Лукашенко.
Маълумот учун, бугун, 25 март куни Лукашенко еттинчи бор қасамёд қилди. Инаугурация Мустақиллик саройининг Тантана маросимлари залида бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Беларусда президентлик сайловлари жорий йилнинг 26 январь куни бўлиб ўтганди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко 86,82 фоиз овоз тўплаган. Беларусь Ички ишлар вазири Иван Кубраковнинг айтишича, мамлакат тарихида ҳали бунақа тинч сайловлар ва сайловолди кампанияси бўлмаган. 2020 йилда эса Беларусдаги президентлик сайловларидан сўнг бир неча кун давомида норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди, уларнинг иштирокчилари Лукашенконинг ғалабасини тан олишдан бош тортган.
LiveБарчаси