Дунёнинг энг кучли боксчилари рейтинги эълон қилинди

Спорт 16446
image

Профессионал бокснинг супер оғир вазн тоифасида WBА, WBО, IBF чемпионлик камарлари соҳиби украиналик Александр Усик вазн тоифасидан қатъи назар (pound for pound) дунёнинг энг кучли боксчиси деб топилган. Бу ҳақда “Тhe Ring” журнали ёзмоқда.

Иккинчи поғонадан япониялик Наоя Иноуэ жой эгаллаган. Кучли учликка Америка вакили Теренс Кроуфорд якун ясаб берган.

Ушбу рейтингнинг собиқ етакчиси мексикалик Сауль Альваресга бешинчи поғона насиб этган. Саулни мағлуб этиб, жаҳон бокси жамоатчилигини ўзига қаратган асли қирғиз миллатига мансуб Дмитрий Биволга рейтингнинг 7-ўрини берилган.

Шу йилнинг 20 август куни Усикга иккинчи жангда ҳам имкониятни бой берган британиялик Энтони Жошуа кучли боксчилар қаторидан тушиб қолган. Шунингдек, Жошуанинг ҳамюрти Тайсон Фьюрига ҳам рейтингдан жой топилмади. “Лўлилар қироли” супер оғир вазнда WBC йўналиши чемпиони ҳисобланса-да, 2021 йилнинг 9 октябрида Деонтея Уайлдерни мағлуб этганидан буён рингга қайтмади. Юқори эҳтимоли билан Тайсон боксга қайтадиган бўлса, унинг кейинги рақиби Александр Усик бўлади.

“Тhe Ring” талқинига кўра, вазн тоифасидан қатъий назар дунёнинг энг кучли 10 нафар боксчиси билан танишинг:

1. Александр Усик (Украина);

2. Наоя Иноуэ (Япония);

3. Теренс Кроуфорд (Америка Қўшма Штатлари);

4. Эррол Спенс (Америка Қўшма Штатлари);

5. Сауль Альварес (Мексика);

6. Василий Ломаченко (Украина);

7. Дмитрий Бивол (Россия);

8. Жош Тэйлор (Буюк Британия);

9. Жермелл Чарло (Америка Қўшма Штатлари);

10. Артур Бетербиев (Россия).

Аввалроқ, UFC ҳам вазн тоифасидан қатъий назар энг кучли жангчиларининг янгиланган рейтингини эълон қилганди.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 604
Рейтинг: 3
t
×