Дунёни лол қолдирган ўзбек аёли Дилором Йўлдошева ким?
Жамият
−
03 Декабрь
14447Бир муддат аввал BBC 2024 йил учун дунёнинг 100 нафар энг кучли аёллар рўйхатини эълон қилди. Мазкур рўйхатда эса тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Надя Мурад, актриса Шэрон Стоунлар қатори ўзбекистонлик кичик тадбиркор Дилором Йўлдошева ҳам ўрин олган. Бошқалардан фарқли равишда бутун дунёга машҳур бўлмаган, илм-фан ёки санъатда катта ютуқларга эришмаган Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи оддий ўзбек аёли дунёнинг 100 нафар кучли аёллари қаторидан жой олишига нима сабаб бўлган – қийинчилик. Қаҳрамон аёл ҳақида Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган “Матонат” фильмининг айрим жиҳатлари QALAMPIR.UZ эътиборини тортди.
“Аёлларнинг далада юришини хоҳламайман”
Дилором Йўлдошеванинг икки оёғини далада комбайн узиб олган. У куз кунлари ҳосил ўримида далада қолган болаларига сув ва тушлик олиб бориш учун шошганча йўлга чиқади. Ишчилар тушлик қилаётган маҳал эса комбайн бўш турмасин деб, унга хашак ташлаётганда узун кийими ўралашиб қолиб, ўрувчи машинанинг хаскашлари тагида қолади. Дилором опа қишлоқ аёлларининг шафқатсиз ҳаёти қурбони. Дала, рўзғор ташвишлари, болалар тарбияси каби оғир юмушларни ўз зиммасига олган оддий ўзбек аёлларидан бири.
У ўз ҳикоясида бошқа бир ўзбек аёлининг, овсинининг турмуш қийинчилиги ҳақида сўзлаб, операциядан сўнг опасидек бўлиб қолган овсини ғамхўрлик қилгани, икки оила ишларини бажариши, тонг саҳар 04:30 да уйқудан уйғониши, дам олмай, тик оёқда меҳнат қилишини айтиб беради.
Шунингдек, уч боланинг онаси фильмда ўз истаклари ҳақида гапирар экан, аёлларнинг далада юрмаслигини, иссиқда, бошидан офтоб ўтиб пул топишини истамаслигини айтади.
“Қизлар ўзининг кўйлагини ўзи тикса ҳам, қишлоқ шароити учун бу яхши. Қишлоқ шароитида қизлар ўрганиши керак бўлган энг зарур юмуш бу – тикиш. Тикишни билса, ҳаётда қийналмайди. Бировнинг битта кўйлагини тикса ҳам, онасиникига бориш учун йўл пулини ишлаб тополади”, дейди Дилором опа.
Унинг бу гапларидан англаш мумкинки, қишлоқда аёлларнинг ўз онасини кўриш учун бориши ҳам осон эмас. Йилда кам содир бўладиган бу зиёрат учун ҳам аёллар оғир меҳнат қилишлари керак.
Ногиронлик ва кўзбўямачилик
Умри давомида бошқалардан ёрдам кутмай, ўз кучи билан меҳнат қилган Дилором опа икки оёғидан айрилгач, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Унинг учун биргина аравача олиб беришга эса оиласининг қурби етмайди. Кунлардан бир куни унга масъуллар томонидан аравача совға қилинади. У билан чексиз суратга тушилади.
“Ўзимнинг оёғим қайтгандек бўлди”, деган аёл.
Аммо совға қилинган аравача бировники бўлиб чиқади. У бошқа бир маҳаллада яшовчи кекса ёшли онахондан ижарага олинган аравача бўлиб, бир ҳафтадан сўнг қайтариб олинади.
“Агар менга "бу бировнинг аравачаси", деб айтишганда мен уни олмасдим. Ўрганиб қолмасдим. Уни олиб кетишгандан кейин оёғимни йўқотган биринчи кунимга қайта қайтдим. Бу жуда оғир”, деган Дилором опа.
Унинг олдига масъуллар тез-тез келиб турган. Фақат расмга тушиш учун. Шу сабаб у ҳақида фильм олишга келганларга ҳам шундай дейди:
“Менинг олдимга келганларнинг кўпчилиги расмиятчилик учун фақат расмга тушишади. Сиз ҳам тушмоқчи бўлсангиз, бемалол тушиб олаверинг. Расмиятчилик учун тушиб беравераман”, дейди аёл.
Ҳажга аталган пулига протез олиб бермоқчи бўлган онахон
Дилором опага кўзбўямачилик учун аравача бериб, сўнг тортиб олган масъуллардан фарқли ўлароқ ёрдамкаш, раҳмдил қўшнилари бор эди. Улардан бири Ҳаж учун аталган пулни унга протез олиш учун бермоқчи бўлган Пошша хола.
“Протез олиш учун бориб келганимдан сўнг Пошша холамиз ҳол сўраб келди. Хола уйида эри билан гаплашиб, Ҳажга йиғаётган пулини менга бермоқчи бўлди. “Протези қиммат экан, шу ўзимиз йиғаётган пулни берсак, Ҳажга борганнинг савобини шу ерда туриб ҳам қилсак бўлади-ку”, дебди. “Мен пулингизни ололмайман, неча йилдан бери йиғасизлар, ахир”, деб йиғладим ва таклифни қабул қилмадим. У билан қариндош эмасмиз. Маҳаллада қўшни турамиз, холос. Шундай бўлса ҳам ёрдам бермоқчи бўлди. Шундан кейин қариндошлар пул йиғиб беришди”, дея ҳикоя қилган у.
Йўллар лой
Қишлоқ шароитида оила боқиш, рўзғор тебратиш осон эмас. Дилором опа шунинг учун тикувчилик қилиб, эрига ёрдам беришга ҳаракат қилади. У эски тикув машинаси билан қишлоқ аёлларига кўйлак-лозим тикиб, тирикчилик қилишни бошлайди. Маҳалла фаоллари ёрдами билан унга замонавий тикув машинаси совға қилинади.
Аёл ўз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилар экан, қишлоқнинг оғир шароитларини гапириб ўтади. Дилором Йўлдошева яшайдиган ҳудудга машиналар келмайди – йўллар лой. Машинага чиқиш учун эса у 1,5 км йўл босиши керак. Ёмғирли, қорли кунларда эса аёл аравачада ҳаракатланиш қийин кечишини айтади.
Унга кўйлак тиктирмоқчи бўлганлар ҳам уйлари узоқда эканини кўп айтишган. Кийимлар тикилиб, тайёр бўлгач, Дилором опа уни ўғлидан ўз эгаларига велосипед орқали бериб юборади.
“Дадаси, бошқасига уйланиб олинг”
Дилором опа ногирон бўлиб қолгач, турмуш ўртоғига бошқа аёлга уйланишни таклиф қилган. У оёқсиз қолгани, эрининг хизматини қилолмаётгани учун шундай дейишга мажбур бўлган. Аммо эри ундан бу гапни бошқа такрорламаслигини тайинлайди.
“Менга яна уйланинг деб айтди. Йўқ, мен бу таклифга кўнмаганман. Бундай бўлиши мумкин эмас, бу эркакнинг иши эмас. У билан неча йил бирга яшаганмиз ахир”, деган Дилоромнинг турмуш ўртоғи.
Дилором опага нима керак?
Дилором опа жорий йилнинг август ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан мулоқотида онлайн шаклда иштирок этади. Мулоқотдан сўнг далада оғир меҳнат сабаб оёқларини йўқотган, йўл бормаган уйда яшовчи, қишлоғида аёлларнинг далада меҳнат қилиши одатий ҳол бўлган аёл президент томонидан яратилаётган шароитларга раҳматини айтади.
Унинг шогирд қизлари ундан агар президент билан жонли кўришадиган бўлса, ундан нима хоҳлашини сўрайди. Оёқларидан айрилган аёл эса бу саволга “тинчлик” деб жавоб беради.
“Мен президентдан ҳеч нарса сўрамайман. Фақат юртимизни тинч қилиб турганига раҳмат айтаман”, деди у.
LiveБарчаси
Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат жорий этилди.
03 Декабрь