Дунёдаги қочқинлар сони рекорд даражага етди – БМТ

Олам 1927
image

Ер юзида қочқинлар сони 100 миллион кишидан ошди. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги тарқатган баёнотда келтирилган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йил охирига келиб, уруш, зўравонлик, таъқиб ва инсон ҳуқуқлари бузилишидан қочганлар сони 89,3 миллион кишига етган, бу ўн йил аввалги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир.

“Ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганлар сони сўнгги ўн йил ичида ортиб борди ва рўйхатга олиш бошланганидан бери энг юқори даражага етди. Баъзи тараққиёт белгиларига қарамай, мажбурий кўчирилиш суръати ва кўлами қочқинлар учун ечим топишни қийинлаштиради”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, Россиянинг Украинага бостириб кириши Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик кўчманчилик инқирозларидан бирига сабаб бўлган. Хусусан, 24 февралдан бери 14 миллион украиналиклар ўз уйларини ташлаб, бошқа хавфсиз ҳудудларга қочиб кетган. Натижада қочқинлар армияси пайдо бўлган.

“Сўнгги ўн йил ичида бу рақамлар ҳар йили ортиб бормоқда. Ёки халқаро ҳамжамият бирлашиб, можароларни ҳал қилиш ва барқарор ечимларни топиш учун чора кўради ёки бу даҳшатли тенденция давом этади”, дейди БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди. 

Ташкилот ҳисоб-китобларида келтирилишича, 2021 йил охири ҳолатига кўра, паст ва ўрта даромадли давлатлар дунёдаги қочқинларнинг 83 фоизини қабул қилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 2.9
t
×