Дунёда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари камайди – тадқиқот

Бу қизиқ

image

Дунё бўйича ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қарийб 30 фоизга камайди. Бундай хулосага Сеулдаги Кенхи университетининг Тиббиёт коллежи олимлари келди. Улар 1990 йилдан 2021 йилгача 102 та мамлакатда ўз жонига қасд қилиш даражасини ўрганган. Бу ҳақдаги тадқиқот “Nature Mental Health” журналида эълон қилинди.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, юқори даромадли мамлакатларда бу камайиш янада сезиларли бўлган. Уларнинг маълумотларига кўра, 102 мамлакатда ўз жонига қасд қилиш даражаси ўртача 29,9 фоизга қисқарган: 1990 йилда ҳар 100 минг аҳолига 10,33 та ҳолатдан 2021 йилда 7,24 тага тушган.

Олимларнинг фикрича, бунга Европада ёшларнинг психологик ҳолати билан яхшироқ ишлаш, шунингдек, ОАВнинг бундай оғриқли мавзуни масъулиятли ёритиши сабаб бўлган. Юқори даромадли 54 мамлакатда фарқ янада катта бўлган. 1990 йилда бу кўрсаткич 100 минг аҳолига 12,68 та ҳолатни ташкил этган бўлса, 2021 йилда COVID-19 пандемияси авж олган даврда атиги 8,61 та ҳолат қайд этилган. Бу 32,1 фоизга кам. Паст ва ўртача даромадли мамлакатларда эса шу давр мобайнида бу кўрсаткич 7,88 дан 5,73 тага тушган.

Шу билан бирга, тадқиқот гуруҳи рақамларни эҳтиёткорлик билан баҳолаш кераклигини эслатган. Сабаби, айниқса, қашшоқ мамлакатлардаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳаммаси ҳам статистикага кирмаслиги мумкин. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб ўз жонига қасд қилиш даражаси аста-секин камайишда давом этиб, ҳар 100 минг аҳолига 6,49 тага етиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда ҳар йили 726 минг одам ўз жонига қасд қилиши оқибатида вафот этиши, бундан ҳам кўпроқ одамлар эса ўз жонига қасд қилишга уриниши ҳақида хабар берган эди. Маълумотларга кўра, ўз жонига қасд қилиш ҳар хил ёшдаги одамлар томонидан содир этилади ва у 2021 йилда 15–29 ёшдаги шахслар ўртасида ўлимнинг учинчи энг кенг тарқалган сабаби бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

суиқасд ўз жонига қасд қилиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг