Дунёда пандемиянинг учинчи тўлқини бошланяпти — ЖССТ 

Олам 4861
image

Дунёда коронавирус пандемиясининг учинчи тўлқини бошланмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус маълум қилди.  

Унинг сўзларига кўра, дунёда COVID-19 билан касалланишнинг сўнгги ўсишидан сўнг, Европа ва Шимолий Американинг ўз фуқароларини эмлаш бўйича ҳаракатлари натижа бера бошлади ҳамда касаллик ва ўлим ҳолатлари пасайа бошлади. 

“Афсуски, ҳозирги кунда ушбу тенденциялар ўзгарди ва биз пандемиянинг учинчи босқичи бошидамиз”, деган у. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарига кўра, дунё бўйлаб ушбу касаллик сони кетма-кет тўртинчи ҳафтада ўсиб бормоқда ва коронавирус инфекциясидан ўлганлар сони ҳам ортмоқда. 

Гебрейесус коронавируснинг дельта штамми (ҳиндча вариант) тарқалишини ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчиси деб атаган. Унинг сўзларига кўра, вазият одамларнинг ҳаракатчанлиги ошиши, шунингдек, давлатлар томонидан соғлиқни сақлаш ва аҳолини муҳофаза қилиш соҳасидаги чора-тадбирларнинг изчил ишламаслиги билан янада оғирлашади. 

“Дельта варианти ҳозирда 111 дан ортиқ мамлакатда мавжуд ва биз уни тез орада бутун дунё бўйлаб доминант COVID-19 штаммига айланади деб ўйлаймиз”, деган Гебрейесус. 

Шунингдек, у вакциналарнинг мамлакатлар ўртасида нотекис тақсимланишига эътибор қаратган ва уни “ҳайратланарли мувозанат” деб атаган. Унга кўра, шу сабабли, дунёнинг турли бурчакларида пандемия икки йўл бўйлаб ривожланиб бормоқда: вакциналарга эга бўлган мамлакатлар чекловларни бекор қилмоқда, аммо вакцина олиш қийин бўлган мамлакатларда аҳолининг аксарияти инфекцияга қарши ҳимоясиз бўлиб қолмоқда. 

“Мен сентябргача ҳар бир мамлакат аҳолисининг камида 10 фоизини, шу йил охиригача камида 40 фоизини ва келаси йилнинг ўрталарига қадар камида 70 фоизини оммавий эмлашга чақирдим”, деган ЖССТ раҳбари. 

ЖССТ маълумотларига кўра, ҳозирга қадар дунёда коронавирус инфекциясининг 187,5 миллион ҳолати аниқланган, 4 миллион киши вафот этган. 

Аввалроқ, коронавирус пандемияси бутун дунё бўйлаб болаларни мунтазам равишда эмлаш ишларини барбод қилаётгани ҳақида хабар бергандик. 

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 121
Рейтинг: 3
t
×