Дунёда нечта ядровий каллак бор?
Бу қизиқ
−
3532 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп, ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путиннинг Хитойдаги уч томонлама саммитидан сўнг улар томонидан қабул қилинган “Тинчликни қўллаб-қувватлаш декларацияси”да ядро қуролини тарқатмаслик масалалари бўйича мулоқот олиб бориш нияти эълон қилинди. Бу эса дунёдаги ядровий каллаклар сонига яна бир бор эътиборни қаратди.
Ҳужжатда уч етакчи ядро урушида ғолиблар бўлмаслигини ва унинг юзага келишига йўл қўймаслик зарурлигини тасдиқлагани қайд этилган. Шунингдек, уч давлат ядровий хатарларни камайтириш ва ядро қуролини тарқатмаслик масалалари бўйича мулоқот олиб бориши таъкидланган. Ушбу банд давлатларнинг ядровий салоҳиятига яна бир бор эътибор қаратди.
Стокгольм тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш халқаро институтининг (SIPRI) 2026 йилги маълумотларига кўра, декларацияни имзолаган Россия, АҚШ ва Хитой ядровий каллаклар сони бўйича дунёда биринчи уч ўринни эгаллаб турибди.
Россияда 5 420 та, АҚШда 5 042 та, Хитойда 620 та ядровий каллак мавжуд. Кейинги ўринларда 370 та каллак билан Франция, 225 та билан Буюк Британия, 190 та билан Ҳиндистон ва 170 та билан Покистон бормоқда.
Ядро қуролини йўқ қилиш бўйича халқаро кампаниянинг (ICAN) 2026 йил июнь ойидаги ҳисоботига кўра, 2025 йилда АҚШнинг ядро қуролига сарфлаган харажатлари 69,2 миллиард долларга, Хитойники 13,5 миллиард долларга, Россияники 9,5 миллиард долларга баҳоланган.
Ҳисоботда қайд этилишича, ядровий қуролланиш харажатлари Хитой, Франция, Ҳиндистон, Исроил, Шимолий Корея, Покистон, Россия, Буюк Британия ва АҚШ каби давлатларда олдинги йилга нисбатан ошган.
“2025 йилда ядро қуролига эга тўққизта давлат ўз ядровий арсеналларига 118,8 миллиард доллар ёки сониясига 3 768 доллар сарфлади. Бу кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир”, дейилади ҳисоботда.
Шундай қилиб, ядро қуролига сарфланган жаҳон харажатлари ўтган йилга нисбатан 19 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 118,8 миллиард долларга етган.
Ядровий арсеналларнинг ҳозирги ҳолати
SIPRI баҳоларига кўра, ҳозирги вақтда тўққизта давлат ядро қуролига эга: АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил.
Исроил Яқин Шарқда ядро қуролига эга ягона давлат ҳисобланади.
SIPRI’нинг 2026 йилги маълумотларига кўра, 2025 йилда барча тўққиз ядровий держава ўз ядро арсеналларини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш дастурларини давом эттирган. Уларнинг аксарияти йил давомида ядро қуролини олиб юришга қодир бўлган ёки уни етказиб беришга мўлжалланган янги қурол тизимларини жойлаштирган.
2026 йил январь ҳолатига кўра берилган баҳоларга биноан, умумий жаҳон арсенали тахминан 12 187 та ядровий каллакни ташкил этади.
Улардан тахминан 9 745 таси ҳарбий омборларда сақланмоқда ва потенциал равишда қўлланилиши мумкин. 2026 йил январь ҳолатига кўра, ҳарбий захираларда мавжуд бўлган каллакларнинг тахминан 4 012 таси ракеталар ва самолётларга жойлаштирилган, қолганлари эса марказлаштирилган омборларда сақланади.
2025 йил январь ойидаги баҳолар билан солиштирганда, жанговар шай ҳолатга келтирилган каллаклар сони тахминан 100 тага кўпайган.
SIPRI баҳоларига кўра, 2 100 дан 2 200 тагача жойлаштирилган каллаклар баллистик ракеталарда юқори тезкор тайёргарлик ҳолатида турибди. Ушбу каллакларнинг деярли барчаси Россия ва АҚШга тегишли.
Институт маълумотларига кўра, ҳарбий захираларда сақланаётган ва потенциал қўлланилишга тайёр бўлган ядровий каллакларнинг тахминан 83 фоизи, шунингдек, дунёдаги барча ядровий каллакларнинг тахминан 86 фоизи АҚШ ва Россия ҳиссасига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғарб разведка хизматлари Россия жорий йил охиригача ядровий каллак билан жиҳозланган сунъий йўлдошни космосга учириши мумкинлигидан огоҳлантираётгани ҳақида хабар берилган эди. Германия ҳарбийлари ҳам эҳтимолий учириш муддати декабрь ойининг бошига тўғри келиши мумкинлигини билдирган.
Live
Барчаси