Дунёда ҳар олти одамдан бири бепуштликдан азият чекмоқда – ЖССТ

Саломатлик

image

Дунёдаги катта ёшли аҳолининг тахминан 17,5 фоизи, яъни ҳар олти кишидан бири бепуштликдан азият чекмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида маълум қилинди.

ЖССТнинг янги ҳисоботига кўра, бепуштлик барча мамлакатлар ва минтақаларда асосий соғлиқни сақлаш муаммосига айланган. У билан касалланиш юқори, ўрта ва паст даромадли мамлакатларда бир хил даражада экани қайд этилган.

“Ҳисоботдан муҳим хулоса келиб чиқади, бепуштлик ҳеч қандай фарқни билмайди ва аҳолининг барча тоифаларига таъсир қилади. Бепуштликдан азият чекаётганларнинг кўплиги уни даволаш имкониятларини кенгайтириш, тадқиқот ва соғлиқни сақлаш сиёсати, энди бу мавзуни четлаб ўтмаслигини таъминлаш зарурлигини кўрсатади. Бу эса бепуштликни хавфсиз, самарали ва арзон тиббий воситалар орқали даволаб, ота-она бўлишга интилаётган ҳар бир кишига ёрдам бериш кераклигини билдиради”, дейди ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебреисус.

Муаммонинг катталигига қарамай, бепуштликнинг олдини олиш, диагностика қилиш ва даволаш, шу жумладан ин витро уруғлантириш каби ёрдамчи репродуктив технологияларнинг қимматлиги ва  чекланганлиги туфайли бундай хизматлар кўпчилик учун имконсиз бўлиб қолмоқда.

ЖССТ жинсий ва репродуктив саломатлик ҳамда тадқиқотлар директори Паскаль Аллотнинг айтишича, миллионлаб одамлар бепуштлик бўйича тиббий ёрдам сўраш натижасида ҳалокатли тиббий харажатларга дуч келишади, бу эса муаммони тенгсизликнинг асосий омилларидан бирига айлантиради ва кўпинча одамлар қашшоқлик ҳолатига тушиб қолади.

Янги ҳисобот дунё бўйлаб бепуштликнинг кенг тарқалганлиги ҳақида ишончли далиллар келтирсада, у кўплаб мамлакатлар ва айрим минтақалардаги вазият ҳақида тизимли равишда маълумотлар йўқлигини таъкидлайди. Ҳисоботда ЖССТ бепуштлик бўйича миллий статистик маълумотларни кўпайтиришга чақиради, бу бепуштлик кўрсаткичларини аниқроқ баҳолаш, уни даволашга муҳтожларни аниқлаш ва бепуштлик хавфини камайтириш стратегияларини ишлаб чиқиш имконини беради.

Маълумот учун, ЖССТ ҳисоботи 1990-2021 йилларда ўтказилган 100 дан ортиқ тадқиқотларга асосланган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ бепуштлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг