Дунё қорақалпоқлари нега Нукусда йиғилди?

Жамият

Тинчлик! Бугун кўплаб мамлакатлар учун бегона тушунча. Афсуски, Ўзбекистон тарихида ҳам тинчликка рахна солувчи ҳолатлар бўлган. 

Аммо бу синовдан матонатли ўта олган ва ўз тинчлигини, бугунги кунга қадар тинчлигини сақлаб кела олган Ўзбекистон келажакда нималарга эътибор бериши керак? 

Жорий йилнинг 26-28 август кунлари дунё қорақалпоқлари Нукусга йиғилди ва QALAMPIR.UZ ҳам Қорақалпоғистонда. 

“Мен Олмаотадан келганман. Асли қорақалпоғистонликман. 2000 йилларда тақдир кўрсатиб, бошқа мамлакатга кетганмиз. Ҳозир эса Олмаотада Бешқалъа қорақалпоқ маданий-этно марказининг раисиман. Бошқа томондан Россия агентлигида журналист, сиёсатшунос-шарҳловчи сифатида ҳам фаолият юритиб келаман”, деди Аҳмед Бурханов.

Бошқа бир суҳбатдош эса ўзининг Россиядан келганини маълум қилди.

“Мен Россияда жиноят ишлари бўйича ўзбек-қирғиз-қозоқ ва қорақалпоқ тилларидан таржимонман. Шунингдек, Москвада қорақалпоқ диаспораси бошлиғиман. Биз Россияда турли муаммоларга йўлиққан қорақалпоғистонликларга ёрдам берамиз. Масалан, кўплар ҳужжатсиз қўлга тушади, пулсиз қолиб кетади ёки ўлиб қолади. Буларнинг бари бизнинг ёрдамимизга эҳтиёж сезади. Ана шунда биз яхшиликка хизмат қиламиз”, деди Москва Қорақалпоқ диаспораси бошлиғи Елена Дўстанова.

Хўш, узоқ йиллар давомида Қорақалпоғистон ҳудудидан хорижга кўчиб кетган, шунингдек, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида яшовчи қорақалпоқлар нега Нукусга йиғилди? 

“Бир пайтлар Қорақалпоғистондан сув тақчиллиги ва бошқа экологик муаммолар сабаб кўчиб кетганлар бу ердаги ўзгаришлар билан танишиш учун келган. Улар бунёдкорлик ишлари билан танишиб, шу ерда ҳам яшасак бўлар экан-ку, деган хулосага келишмоқда. Бу йиғилишни ташкил қилган Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига катта раҳмат”, деди Авазмуҳаммад Абаев.

Айни пайтда Россия ва Қозоғистонда, дунёнинг ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи қорақалпоқлар халқни бирдамликка чорлаяпти. Бунинг сабаби эса дунёда кечаётган геосиёсий вазият.  Уларнинг айтишича, Ўзбекистон кўп миллатли давлат ва улар доимо иноқликда яшаган. Буни эса айрим кучлар кўролмаяпти. 

“Халқнинг ўзи яхши, аммо сиртдан қочиб юрган айрим одамларни молиялаштирувчилар бор. Кейин эса улар бизга қорақалпоқ ундай-бундай, деб туҳмат қилишади. Бунинг ҳаммаси ёлғон. Қорақалпоқлар ва ўзбеклар бир оиладек шароитда яшашмоқда. Лекин геосиёсий вазият бизга ҳар хил ўйин қилмоқда. Уларга бу ернинг тинч бўлгани керак эмас. Агар Ўзбекистон тинч бўлмаса, ҳаос бўлса, ҳамма фаровончилик у ёққа кетади. Тинчлик бўлса, ҳамма яхши ишлар бу ерда бўлаверади”, деб айтди Қозоғистонда яшовчи қорақалпоғистонлик политолог, иқтисодчи Аҳмед Бурханов. 

“Ёшларнинг орасига ўт соладиган, ҳар хил фикрларни ташлайдиган одамлар бор. Шунинг олдини олиш бўйича ҳамма ерда ишлар олиб бориляпти. Ёшларга яхши томонларни, яхши ишларни намуна қилиб кўрсатиш керак”, деди Қозоғистон Республикаси Артов қалъаси Қорақалпоқ этно-маданият бирлашмаси тўра-оғаси Жеткербай Пишенбаев.

Шунингдек, уларнинг фикрича, бугун бутун дунёда кечаётган сиёсий вазият нафақат халқларни,  балки туркий давлатларни ҳам бирлашишга ундамоқда. Мамлакат ривожланиши учун эса биринчи навбатда тинчлик таъминланиши шарт.

“Ҳар қандай халқ ривожланишни истаса, аввало тинч бўлиши керак. Агар тинчлик бўлмаса, эл орқага қайтади. Масалан, биз Россияда яшаймиз ва кўп соҳаларда орқага қайтяпмиз. Интернетимиз ёмон бўляпти, айрим каналлар ёпиляпти, бунинг устига санкциялар бор. Биз энди ривожланишдан қоламиз. Чунки маълумотлар етарлича келмаяпти. Қарасак, Ўзбекистон яхши ривожланмоқда. Анча ютуқларга эришмоқда”, деди Елена Дўстанова.

Дунё қорақалпоқлари 3 кун давомида Ўзбекистонда бўлди. Улар Қорақалпоғистонда амалга оширилган ишлар билан танишади. Қадимий Тупроққалъа, Элликқалъа, Шуманайда қурилган янги мажмуалар, Беруний туманида жойлашган Султон Увайс Қорасий зиёратгоҳи каби масканларга ташриф буюрди.

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қорақалпоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made