Дунё бойлиги кимнинг қўлида? Глобал тенгсизлик тарихий чўққига чиқди
Бу қизиқ
−
25 Декабрь 2025 12265 4 дақиқа
2025 йилда дунёда бойлар ўз бойлигини кўпайтиришда давом этмоқда, шу билан бирга камбағаллар билан тафовут ошмоқда. Бу нафақат молиявий жабҳада, балки гендер тенглиги ва иқлим шароити билан ҳам боғлиқ бўлиб боряпти. Бу ҳақда Глобал тенгсизлик ҳисоботида (WIR 2026) келтирилган.
Ўта тенгсиз дунё
Ҳисоботга кўра, инсон капиталига эгалик қилишдаги глобал тенгсизлик ҳозир ҳам ниҳоятда катта бўлиб қолмоқда ва бу кўпчилик тасаввур қилганидан анча кенгроқ тафовут. Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африкада бир бола учун таълимга ўртача харажат харид қобилияти паритети бўйича атиги 200 еврони ташкил этса, Европада бу кўрсаткич 7 400 евро, Шимолий Америка ва Океанияда эса 9 000 еврога етади. Бу 1 га 40 дан ортиқ тафовут бўлиб, жон бошига ЯИМдаги фарқдан қарийб уч баравар каттадир. Бундай тафовут бир неча авлод ҳаёти давомида инсонларнинг яшаш имкониятларини белгилаб беради, имкониятлар географиясини мустаҳкамлайди ва глобал бойлик иэрархиясини янада чуқурлаштиради.
Ҳисобот маълумотлари глобал номутаносиблик миқёсини кўрсатади: сайёрадаги энг бой аҳолининг 10 фоизи жаҳон даромадининг 53 фоизини олади ва жами бойликнинг 75 фоизини назорат қилади. Инсониятнинг энг камбағал ярми эса глобал активларнинг атиги 2 фоизига эгалик қилади. Пирамиданинг юқори қисмида бойлик жамланиши тарихий даражага етди. Ер юзидаги вояга етган аҳолининг 0,001 фоизини ташкил этувчи қарийб 56 минг киши қуйи ярмидаги 4 миллиард одамнинг жами бойлигидан уч баравар кўп маблағга эгалик қилади. Уларнинг улуши 1995 йилдаги 3,8 фоиздан 2025 йилда 6,1 фоизгача ошган.
Фарқ тобора кенгаймоқда: 1990 йилларнинг ўрталаридан бери миллиардерлар ва ўта бойлар бойлиги йилига тахминан 8 фоизга ўсган. Камбағалларнинг фаровонлиги секин ўсаётгани эса умумий манзарани ўзгартирмайди: жаҳон иқтисодиёти шундай тузилганки, глобаллашувдан асосий фойда тор доирадаги гуруҳ қўлида жамланади.
Бойларнинг чиқиндилари учун ким жавобгар?
Ҳисобот илк бор капиталга эгалик қилиш билан иссиқхона газлари чиқиндилари ўртасидаги боғлиқликни батафсил таҳлил қилади. Сайёра аҳолисининг энг камбағал ярми ишлаб чиқариш активларига хусусий эгалик билан боғлиқ чиқиндиларнинг атиги 3 фоизи учун жавобгар. Энг бой 10 фоиз эса бундай чиқиндиларнинг 77 фоизини, ўта бой 1 фоиз эса 41 фоизини ишлаб чиқаради – бу қолган 90 фоиз аҳолининг барчасидан деярли икки баравар кўп. Бу номутаносиблик икки карра адолатсизликни юзага келтиради: иқлим ўзгаришига энг кам ҳисса қўшганлар унинг оқибатларига энг кўп дуч келади ва мослашиш учун энг кам ресурсларга эга бўлади. Ҳисобот муаллифларининг билдиришича, иқлим инқирози бойликнинг жамланиши инқирозидан ажралмайди ва молиявий ҳамда инвестицион тузилмаларни қайта қурмасдан самарали иқлим сиёсати юритиб бўлмайди.
Кўринмас меҳнат ва қадрсизланган ҳисса
Глобал миқёсда аёллар меҳнат даромадларининг атиги 28 фоизини олади – бу кўрсаткич 1990 йилдан бери деярли ўзгармаган. Ҳудудлар бўйича фарқлар катта: Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада аёллар улуши 16 фоиз, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда 20 фоиз, Европа ҳамда Марказий Осиё минтақасида эса тахминан 40 фоизни ташкил этади. Айниқса, ҳақ тўланмайдиган уй меҳнатини ҳисобга олгандаги маълумотлар эътиборга молик. Уй ва оила парваришини қўшиб ҳисоблаганда, аёллар ҳафтасига ўртача 53 соат, эркаклар эса 43 соат ишлайди. Бироқ аёлларнинг соатлик даромади эркакларникининг атиги 32 фоизига тенг бўлиб қолади (фақат ҳақ тўланадиган меҳнат ҳисобланганда бу кўрсаткич 61 фоиз эди). Бу номутаносиблик аёлларнинг мартаба имкониятлари, сиёсий иштироки ва активлар жамғаришини чеклайди.
Бойлар тўламайдиган солиқлар
Ҳисобот замонавий солиқ тизимларидаги парадоксни қайд этади: даромад ошгани сари самарали даромад солиғи ставкалари кўтарилади, бироқ миллиардерлар ва ўта бойлар даражасида кескин пасаяди. АҚШ, Франция, Нидерландия, Испания ва Бразилияда молиявий элита вакиллари нисбатан камроқ даромадга эга хонадонларга қараганда мутаносиб равишда камроқ солиқ тўлайди. Бундай регрессивлик давлатларни таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳага сармоя киритиш учун зарур ресурслардан маҳрум қилади. Муаллифларнинг ҳисоб-китобига кўра, ўта бадавлат шахслар (100 миллион доллардан ортиқ активларга эга қарийб 92 минг киши) учун жорий этиладиган глобал минимал бойлик солиғи ставкага қараб йилига жаҳон ЯИМининг 0,45 фоизидан 1,11 фоизигача даромад келтириши мумкин. Бу маблағлар Саҳрои Кабирдан жанубий Африка ва Жанубий Осиёдаги таълим харажатларидан 1,2-2,9 баравар кўп бўлиши мумкин.
Live
Барчаси