Дубайдаги пичоқбозликда 2 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган 

3-саҳифа

image

Дубай прокуратураси жорий йилнинг апрель ойида шаҳардаги бензин қуйиш шохобчасида икки гуруҳ ўртасида юз берган жанжал юзасидан тергов олиб бормоқда. Можаро вақтида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Бу ҳақда “Khaleej Times” хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса қурбонлар ўз автомобилларининг шинаси ҳаво босимини текширтириш учун шохобчага келган пайтда, илгари юз берган низо ортидан бошланган. Воқеа содир бўлган вақтда яқин атрофда бўлган полиция ходими дарҳол расмийларга хабар берган.

Тергов давомида аниқланишича, икки гуруҳ алоҳида машиналарда шохобчага келган. Қурбонлардан бири қизил рангли Mercedes автомобилидан тушиб, шинани текшираётган пайтда унга бир гуруҳ эркак ҳужум қилган. Иккинчи жабрланувчи эса қочишга уринган, бироқ бошқа бир гуруҳ томонидан ушланиб, унга ҳам зўравонлик қилинган.

Воқеа жойига етиб келган Дубай полицияси ҳудудни текширган ва можаро иштирокчилари томонидан қолдирилган буюмларни далил сифатида олган. Воқеа жойидаги кузатув камераларидан олинган ёзувлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ёрдамида ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодиса тафсилотларини аниқлашга муваффақ бўлган.

Олиб борилган тезкор тергов натижасида ҳодисага алоқадор 11 киши, шу жумладан бош гумондорлар бошқа бир амирликдаги меҳмонхонада ҳибсга олинган. Сўроқ вақтида улар ҳодисада иштирок этганини тан олиб, бунга олдинги зиддиятлар сабаб бўлганини айтган.

Расмийлар воқеа шахсий низо асосида келиб чиққанини, иштирокчилар бир-бирларини илгари танигани ва шахсий келишмовчиликлар мавжуд бўлганини тасдиқлаган. Иш қўшимча юридик чора-тадбирлар кўриш учун прокуратурага топширилган. Дубай полицияси бундай зўравонлик ҳолатлари шаҳарда камдан-кам учрашини, Дубай эса дунёдаги энг хавфсиз шаҳарлардан бири бўлиб қолаётганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БАА томони мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилган эди. Шунингдек, сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.


Мақола муаллифи

Теглар

пичоқбозлик Дубай

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг