ДСҚ қурилиш соҳасидаги оммалашган солиқдан қочиш схемалари ҳақида маълумот берди

Жамият

image

Ўзбекистонда қурилиш компаниялари ҳисоботларда харажатларни сунъий равишда ошириб кўрсатиш орқали фаолиятини зарар билан якунлагани учун фойда солиғини тўламаслик ҳолатлари учраб турибди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг 2019-2022 йилларда қурилиш компаниялари фаолияти юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва кўп учрайдиган солиқдан қочиш схемаларига бағишланган давра суҳбатида айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, 2019-2022-йилларда товар айланма ва бажарилган ишлар ҳажми ўртача йилдан йилга 15-20 фоиз ортиб бораётган бўлсада, соҳа бўйича ўртача харажатлар рентабеллиги 2021 йилдаги 10 фоиздан 2022 йилда 3,1 фоизга тушган. Қурилиш соҳасида фаолият юритаётган 20 303 та корхоналарнинг 5 мингга яқинида (24 фоиз) ҳужжатларига мувофиқ, рентабеллик 0 фоиздан паст, 12 мингдан ортиғида (60 фоиз) 0 фоиздан 1 фоизгача ва 904 (4 фоиз) компанияда 1 фоиздан 3 фоизгача рентабеллик кузатилган.

Бундан ташқари, 10 мингга яқин (50 фоиз) қурилиш корхоналарида 1 нафар ишчи расмийлаштирилган бўлиб, ҳақиқатда ишлайдиган ишчилар сони яширилган.

Шунингдек, қуйидаги:

•    турар жой обектларини ўртача бозор нархидан кескин даражада паст нархда реализация қилиш (мисол учун, қурилиш корхоналарининг бири томонидан Учтепа туманида қурилган янги кўпқаватли турар жой мажмуасидан 26 та квартира ўртача 1,8 млн сўмдан сотилган);

•    ҳисоботларда харажатларни сунъий равишда ошириб кўрсатиш орқали фаолиятини зарар билан якунлаш натижасида фойда солиғини тўламаслик (мисол учун, солиқ тўловчи томонидан 2022-йил 1-чоракда 16 млрд сўм реализация амалга оширилган бўлсада, фаолият 8 млрд сўм зарар билан якунланган);

•    жисмоний шахлар томонидан қурилиш корхоналари устав жамғармасига йирик миқдорда пул маблағлари, бино ва иншоотлар, қурилиш моллари (манбаси кўрсатилмаган ҳолда) киритиш ва реализация қилиниши (мисол учун, 2 та таъсисчи жисмоний шахслар томонидан устав капитали 2021-йил бошидан бугунги кунга қадар 121 млрд сўмга тўлдирилган. Таъсисчлиарнинг солиқ органларидаги маълумотларига асосан йиллик расмий даромади 3,4 млн сўмни ташкил этганлиги аниқланди);

•    бажарилган ишлар ҳажмини ЭҲФ расмийлаштирмаслик орқали яшириш ҳолатлари мисоллар шаклида тақдимот қилинди (мисол учун, солиқ тўловчининг ҳисоб рақамига бажарилган ишлар учун 78 млрд сўм маблағлар келиб тушган бўлсада, солиқ ҳисоботларида 15 млрд сўм айланма акс эттирилган).

ДСҚ хабарида таъкидланишича, мазкур муаммоларни ҳал қилишда, солиқ қонунчилигига ихтиёрий риоя этилиши, солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар афзалликларини солиқ тўловчилар билан ҳамкорликда муҳокама қилиш қўмитанинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг