Трамп энди шарҳловчи. У 11 сентябрь терактларига бағишланган боксни шарҳлаши кутилмоқда

Спорт 2636
image

АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп Флорида штатида 11 сентябрь воқеаларининг 20 йиллиги муносабати билан ташкил этиладиган бокс кечасининг марказий жангини шарҳлайди. Унда америкалик боксчи Эвандер Холифильд ва бразилиялик Витор Бельфорт жанг қилади.

“Мен бу икки боксчи ўртасидаги жангни кўришни орзиқиб кутаман ва бу ҳақда рингда ўз фикрларимни айтаман”, дейди Дональд Трамп.

АҚШнинг 45-Президенти ҳисобланган Трамп 2017 йилнинг 20 январидан 2021 йилнинг 20 январигача АҚШ раҳбари сифатида ишлаган. Жангни у билан биргаликда ўғли кичик Дональд Трамп шарҳлаб боради.

Эслатиб ўтамиз, Холифильд 1984 йилги Олимпия ўйинларининг яримоғир вазн тоифасида бронза медаль совриндори бўлган. У профессионал бокс тарихида оғир вазн тоифасида тўрт карра жаҳон чемпиони бўлди. “The Ring” журнали томонидан Холифильд уч марта йилнинг энг яхши боксчиси, деб топилган (1987, 1996, 1997). 58 ёшли америкалик боксчи фаолияти давомида 57 та жанг ўтказиб, 44 марта ғалаба қозонган (шулардан 29 тасини нокаут билан), 10 марта мағлубиятга учраган.

Витор Бельфорт яримоғир вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони ҳисобланади. 44 ёшли бразилияликнинг ҳисобида 26 ғалаба ва 14 мағлубият бор. У 2018 йилда профессионал фаолиятини якунлаганини эълон қилган.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 76
Рейтинг: 3.1
t
×