Доғистонда сафарбарликка қарши намойишлар бошланди (видео)

Олам

image

Бугун, 26 сентябрь куни Россия субъекти бўлган Доғистон пойтахти Махачқалъада ҳарбий сафарбарликка қарши намойишлар қайта бошланди. Норозиликлар Хасавюртда ҳам ўтказилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар ёзмоқда.

1Adat Telegram канали маълумотиларига кўра, Хасавюртдаги митингда 100 нафарга яқин одам қатнашмоқда. Полиция ҳибсга олишни бошлаган, намойишчилар уларга қаршилик кўрсатмоқда. Кучишлатар тузилмалар намойишчиларни калтаклаб, уларга қарши газдан фойдаланаётгани айтилмоқда.

Сафарбарликдан норозилар Кабардин-Балкария пойтахти Нальчикда ҳам йиғилган. Маҳаллий амалдорлар уларнинг олдига чиққан. Бироқ улар республикадан қанча эркак армияга чақирилиши режалаштирилгани ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортишган.

Қайд этиш керакки, Махачқалъада кеча, 25 сентябрь куни ҳам сафарбарликка қарши намойишлар ўтказилганди. Унда 120 га яқин одам ҳибсга олинган. Хабарларга кўра, қўлга олинганлар полиция бўлимида калтакланган ва электрошокерлар билан қийноққа солинган. Саккиз киши полиция ходимларига ҳужум қилганлик айблови билан жиноят иши очилган.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россияда сафарбарлик бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Ҳукумат порталида 35 ёшгача бўлган оддий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар, 55 ёшгача бўлган катта офицерлар биринчи навбатда сафарбар қилиниши айтилган. Сафарбарлик ортидан россияликлар оммавий равишда ватанини ташлаб, хорижий давлатларга чиқиб кетишни бошлади.

Шойгунинг сўзларига кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг кишини армияга олиш режалаштирилган. Шунингдек, Россия охирги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

сафарбарлик

Баҳолаганлар

224

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг