Доҳада Хониянинг дафн маросими олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Олам

image

Теҳрондаги суиқасдда ҳалок бўлган ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хониянинг дафн маросими олдидан Доҳада кучайтирилган чоралар кўрилди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.

Қайд этилишича, Ҳамад халқаро аэропортида тундан бери пойтахтга турли давлатлардан вакиллар келиши сабабли узун навбатлар кузатилмоқда.

Доҳадаги бир қатор кўча ва хиёбонлар транспорт ҳаракати учун ёпилган, жума намози ва жаноза маросими бўладиган Муҳаммад бин Абдулваҳоб масжиди атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Масжид атрофига кўплаб маҳаллий ва хорижий матбуот вакиллари ҳам тўпланган.

Билдирилишича, Исмоил Хониянинг жасади жума намози ва видолашув маросимидан кейин дафн этилади.

Маълумот учун, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раиси Исмоил Хония Эроннинг янги сайланган Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга борди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси 31 июль куни эрталаб Эрон пойтахтидаги Исмоил Хония қароргоҳига зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди. Эрон ва ҲАМАС Исроилни қотилликни уюштирганликда айблади. Бироқ Исроил расмийлари воқеага изоҳ беришдан ўзларини тияди.

Исмоил Хония 2017 йил 6 май куни ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланган эди. У бу лавозимда Холид Машал ўрнини эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Покистон ва Туркияда Хониянинг ўлими муносабати билан мотам эълон қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

дафн маросими ҲАМАС Хония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг