ДХХ ер сотмоқчи бўлганларни пора билан қўлга олди. Улар орасида мансабдорлар ҳам бор (видео)
3-саҳифа
−
18 Апрель 15542 3 дақиқа
Сирдарё, Тошкент, Хоразм, Андижон ва Фарғона вилоятларида ер майдонлари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳокимлиги масъул ходими боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг 15 гектар ер майдонини 3 йил муддатга ижарага бериш учун 360 миллион сўм талаб қилиб, шунингдек, ўз мансаб мавқеидан фойдаланиб, мазкур ер майдонининг тоифасини коврак ўсимлигини экишга ўзгартириш бўйича туман ҳокимининг қарорини чиқартириб бериш эвазига фуқародан 30 минг доллар олган вақтида ушланди.
Тошкент шаҳридаги ҳолатда эса пойтахтда фаолият юритувчи банклардан бирининг Кредит операциялари ва ахборот алмашинуви бўлими бошлиғи ҳамда Бизнес мижозларини кредитлаш бўлими бошлиғи, шунингдек, 1992 ва 1999 йилларда туғилган 2 фуқаро ўзаро келишган ҳолда, Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги томонидан маҳаллий МЧЖлардан бирига боғдорчилик билан шуғулланиш мақсадида ажратиб берилган 5,99 гектар ер майдонини харидорга 455 минг долларига сотишга келишади. Улар аванс сифатида 70 минг доллар ва мазкур ер майдонининг тоифасини мансабдор танишлари орқали иссиқхона фаолиятига ўзгартириб, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг доллар, жами 85 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, Хоразм вилоятининг Шовот туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро ўзининг 1989 йилда туғилган синглиси билан келишган ҳолда, туман ҳокимлиги захирасидаги 2500 квадрат метр экин ер майдонини кадастр идораларидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 66 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 45 минг доллар ва 130 миллион сўм олган вақтида ушланди.
Хоразм вилоятининг Янгибозор тумани Инвестициялар, саноат ва савдо бўлими мутахассиси хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, “Е-аукцион” савдоларига қўйилган 1 гектар ер майдонини маҳаллий фуқарога олиб бериш эвазига 300 миллион сўм талаб қилиб, шундан 243 миллион сўм ҳамда 4300 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Андижондаги кейинги ҳолатда вилоят марказида яшовчи, 1986 йилда туғилган шахс Хўжаобод тумани ҳокимлиги томонидан 2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун 30 йил муддатга ижара асосида ажратиб берилган 30 сотих ер майдонини 1987 ва 1988 йилларда туғилган 2 шериги билан келишган ҳолда, 27 минг долларга сотишини, шунингдек, мансабдор танишлари орқали ер майдонининг тоифасини ўзгартириб, келгусида қурилиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома олиб бериш эвазига 11 минг 600 доллар талаб қилиб, жами, 38 минг 600 доллар олган вақтида ушланди.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшовчи, 1959 йилда туғилган шахс сохта ҳужжатлар асосида ўзлаштириб олган, туман ҳокимлиги захирасидаги боғдорчиликка ихтисослашган 26 сотих ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали турар-жой тоифасига ўзгартириб, харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 26 минг доллар олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида жиноят иши бўйича шикоятни қаноатлантириб бериш эвазига судьяга пора таклиф қилган адвокат ушланганди.
Live
Барчаси