ДХХ, Президент Администрацияси ва бошқа ташкилотларнинг сохта ходими ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида ўзини Президент Администрацияси, ДХХ ва бошқа ташкилотлар ходими сифатида таништириб, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини сохталаштириб, ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келган шахс ушланди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбирда пойтахтнинг Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида фуқаро Жавоҳир Орифжонов бошқарувидаги оқ рангли Lacetti машинаси ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилган. Ҳужжатларни текшириш жараёнида ҳайдовчи ўзини ДХХ ходими эканини маълум қилиб, ЙПХ инспекторларига ДХХга тегишли бўлган гувоҳномани кўрсатган. Шунингдек, у қўйиб юборишларини илтимос қилиб, гўёки юқори лавозимда ишловчи танишига қўнғироқ қилган ва ушбу шахс инспекторларга уни қўйиб юбориши бўйича кўрсатма берган.

Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўзини шубҳали тута бошлаган шахснинг маълумотларини текширган. Натижада, ушбу фуқаронинг хизмат гувоҳномаси қалбаки экани ва ДХХга умуман алоқаси йўқлиги маълум бўлган. Гумонланувчи шу жойнинг ўзида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Олиб борилган суриштирувлар давомида унинг бошқа бир қатор қилмишлари ошкор бўлди. У одатда ўзини Президент Администрацияси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бирининг ходими сифатида таништирган. Бошқа идора ҳамда вазирликларда ишлашини айтиб, юқори турувчи ташкилотлар номини сотиб, сохта мансабдор шахс ниқоби остида шахсий масалаларини ҳал қилиб келган. Бунда у олдиндан тайёрлаб борилган сохта гувоҳномалардан фойдаланган.

Мазкур шахснинг қилмишлари юзасидан бўлиб ўтган судда у Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) иккинчи қисми “а”,“б” бандлари ҳамда учинчи қисми билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида унга узил-кесил 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган. Жазони манзил колонияда ўташ белгиланган.

Ушбу шахснинг жиноий қилмишларидан жабр кўрганлар яқин орадаги ИИО ёки 102 рақами орқали хабар бериш сўралади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништириб, товарларни божхона назоратидан ўтказишда ёрдам беришни ваъда қилган шахс қўлга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙПХ ДХХ ЙҲХБ Президент Администрацияси сохта ходим Жавоҳир Орифжонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг