ДХХ пора олган мансабдорларни қўлга олди. Улар орасида судья ҳам бор (видео)
3-саҳифа
−
04 Октябрь 9321 2 дақиқа
Наманган, Фарғона ва Самарқанд вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида коррупцион ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, Ўзбекистон халқаро арбитраж ва ҳакамлик судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи Наманган вилоят ҳакамлик суди судьяси Чуст туманида яшовчи шахсга мазкур туманнинг “Мустақиллик” МФЙдаги 6 сотих ер майдонида жойлашган, қурилиши тугалланмаган баҳсли нотурар бинога эгалик ҳуқуқини берувчи ҳал қилув қарорини чиқариб бериш эвазига 3200 доллар талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда ҳакамлик суди судьяси ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Ўзбекистон туманидаги чорвачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликнинг наслчилик тоифасига ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома расмийлаштириб бергани эвазига мазкур хўжаликнинг иш бошқарувчисидан 500 доллар олган вақтида ушланди. Дастлабки суриштирув тадбирлари давомида бош мутахассис ушбу пул маблағини бошқарма бошлиғининг ўринбосарига бериши кераклиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва мазкур мансабдор шахс 300 доллар олган вақтида ушланди.
Шу билан бирга, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида бухгалтерия хизматлари кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари 2 фуқаронинг ишончига кириб, уларни ўзи бухгалтерия ишини олиб бораётган корхоналарнинг гўёки ишчи ходими бўлгани ҳақида сохта маълумотлар киритиш орқали иш стажларини кўпайтириб, ҳар бирига 2,5 млн сўмдан пенсия тайинланишини “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази Пастдарғом туман бўлими ходими билан ҳал қилиб, нафақага чиқариб бериш эвазига 2000 доллар талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари келишилган пулдан 1900 долларни олган вақтида ушланди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасининг 2 нафар бўлим бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда қурилиш фирмаси томонидан Бўзсув канали ҳудудига тўкилган чиқинди тупроқлар учун 60 млн сўм миқдорида жарима қўлланиши юзасидан далолатнома расмийлаштирмаслик ва келгусида раҳнамолик қилиш эвазига тамагирлик йўли билан 30 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида Божхона ва Солиқ қўмиталарининг ходимлари пора олаётганида ушланганди. Сурхондарё вилояти Термиз туман судининг судья ёрдамчиси эса 800 доллар пора билан қўлга тушганди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь