ДХХ ҳокимлик, статистика ва пенсия тизимидаги айрим мансабдорларни қўлга олди (видео)
3-саҳифа
−
14 Июль 10527 2 дақиқа
Андижон вилоятида ҳоким ўринбосари, Статистика бўлими бошлиғи ҳамда Тошкент вилоятида Пенсия бўлими раҳбари пора олаётганида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Хонобод шаҳар ҳокими ўринбосари ва спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖнинг муқаддам судланган раҳбари ўзаро тил бириктириб, маҳаллий тадбиркорга матрас, профнастил ва болалар тагликлари ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиши учун ҳокимлик захирасида бўлган 4 гектар ер майдонини алоҳида лот сифатида аукцион савдога қўйдириб, 2 миллиард сўмга ютиб, унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шунингдек, Андижон тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари, Андижон шаҳар статистика бўлими бошлиғи ва 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, келгусида болалар маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун завод қурмоқчи бўлган тадбиркорга “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан 6 гектар ер майдонини аукцион савдо орқали олиб бериш эвазига 600 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 150 минг доллар олган вақтида ушланган. Шу билан бирга, мазкур ноқонуний ишга Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилояти бошқармаси бошлиғининг собиқ биринчи ўринбосари, ҳозирда хусусий бандлик агентлиги бошлиғи бўлиб ишлаб келаётган фуқаронинг ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ушбу масалада тадбиркорга ёрдам бериш эвазига муқаддам 11 минг доллар олгани маълум бўлган.
Тошкент вилоятида қайд этилган ҳолатда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Оҳангарон туман бўлими бошлиғи маҳаллий фуқаронинг йўқолган меҳнат дафтарчасини тиклаб, уни ёшга доир пенсияга чиқариб бериш эвазига 1500 долларни пора сифатида олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган. Ушбу мансабдор шахс муқаддам Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан судланган.
ДХХга кўра, ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ҳокимининг ўринбосари пора билан қўлга тушганди. Шунингдек, агентлик ва инспекция ходимлари ҳам қўлга олинганди.
Live
Барчаси