Футбол учун ижобий ва салбий ҳафта – Спорт дайжести

Спорт

5 минг доллар жаримага тортилган Ўзбекистон футбол ассоциацияси, нохуш анъанасига барҳам берган миллий терма жамоа, 10-қаватдан йиқилиб тирик қолган ММА жангчиси ва Осиё кубоги билан хайрлашган Игорь Сергеев бугун диққат марказимизда. Ассалому алайкум QALAMPIR.UZ'да спорт дайжести.

Осиё кубоги-2023: Ўзбекистон нохуш анъанасига барҳам берди

23 январь куни футбол бўйича Осиё кубоги гуруҳ босқичининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди. “B” гуруҳида Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ ғолиблиги учун Австралияга қарши баҳс олиб бориб, 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Австралияга қарши ўйинлардаги голсиз сериясига барҳам берди.

Учрашувда дастлабки голни 45+1 дақиқада пенальтидан рақиб футболчиси Бойл киритди. 79-дақиқада Жалолиддин Машарипов узатиб берган тўпни Азиз Турғунбоев боши билан “кенгурулар” дарвозасига жойлаб қўйди ва ҳисобдаги мувозанатни тиклади. 1:1 ҳисоби учрашув охиригача ўзгармади.

Ўз гуруҳида 5 очко тўплаб, 2-ўринни банд этган Сречко Катанец шогирдлари энди 1/8 финалда “F” гуруҳида 2-ўринни эгаллаган Таиланд билан ўйнайди. Баҳс 30 январь куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да старт олади.

ЎФА 5 минг доллар жаримага тортилди

Осиё футбол конфедерацияси тартиб-интизом қўмитаси Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва “Насаф” клубига қарши учта қарор қабул қилиб, ЎФАни 5 минг АҚШ доллар ва “Насаф”ни 50375 АҚШ доллар жаримага тортди. Бу ҳақда футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўз Telegram саҳифасида маълум қилди.

Сурияга қарши Осиё кубоги ўйинига мухлислар сайёҳлик агентликлари рекламаси туширилган футболкаларда келганлари учун ЎФА жазоланди.

“Насаф” эса Осиё Чемпионлар лигаси доирасидаги “Ал-Садд”га қарши ўйинда мухлислар тош отиб, ҳакам ёрдамчисига зиён етказгани, “Шаржа”га қарши ўйинда эса рақиб футболчиларининг кўзига лазер нури туширгани учун жарима тўлайди.

Ноябрь ойида Афғонистон футбол федерацияси (ФАА) билан шунга ўхшаш ҳолат юз берганди. 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги саралаш ўйинида уч мухлис бирданига майдонга тушгани учун ФАА ҳам 15 минг доллар жаримага тортилган эди.

Игорь Сергеев учун Осиё кубоги якунланди

Австралия ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги учрашувнинг иккинчи бўлимида ҳужумчи Игорь Сергеев жароҳат олиб майдонни тарк этди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати футболчининг жароҳати бўйича маълумот берди.

Манбага кўра, тиббий штаб томонидан зарур текширувлар ўтказилган ва Сергеевнинг ўнг тиззасидан жиддий жароҳат олгани аниқланган.

Шундай қилиб, Сергеев турнирдаги иштирокини якунлади. Яқин вақт ичида жарроҳлик операциясини ўтказиши кераклиги аниқланди.

“ЎФА ҳамда футбол жамоатчилиги номидан Игорьга Осиё кубогидаги ёрқин ўйини учун миннатдорчилик билдириб, саломатлик тилаймиз”, дейилади манба хабарида.

Маълумот учун, Игорь Сергеев Осиё кубогининг 2-тури доирасида Ҳиндистонга қарши баҳсда гол уриб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ғалабасига ўз ҳиссасини қўшганди.

Ўзбекистонлик футболчилар Осиё кубоги рамзий жамоаларига киритилди

Футбол бўйича Осиё кубогининг гуруҳ босқичи ўйинлари якунланди. Мусобақа расмий саҳифаси 3-турнинг рамзий жамоасини эълон қилди.

Эътиборлиси, тур рамзий терма жамоасига Ўзбекистон термаси ҳимоячиси Фаррух Сайфиев ҳам киритилди. Унинг Австралияга қарши ўйиндаги хатти-ҳаракатлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиларидан бири Отабек Шукуров машҳур “Khelnow” сайти томонидан тузилган Осиё кубогининг гуруҳ босқичи рамзий терма жамоасидан ўрин олди. 

“Шукуров Ўзбекистон миллий жамоасининг гуруҳдаги барча ўйинларида иштирок этди ва муҳим ўйинчилардан бири бўлди. У битта голга ассистентлик қилди ва ҳимояда жуда самарали ҳаракат қилди. У рақибнинг 6 та зарбасига тўғоноқ бўлди”, дейилади манба хабарида.

Ўзбекистонлик таниқли футбол мутахассиси вафот этди

Ўзбек футболи тарихидаги машҳур футболчи Владимир Штерн 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

“Ўтмишдаги таниқли футболчилардан бири, мураббий сифатида кўплаб шогирдлар етиштирган Владимир Штерннинг вафоти муносабати билан марҳумнинг яқинлари ва оила-аъзоларига чуқур таъзия ҳамда ҳамдардлик билдирамиз”, дейилади манба хабарида.

Маълумот учун, Штерн футболчилик фаолияти давомида “Политодел” ва “Пахтакор” клубларида тўп тепган. Фаолиятининг охирги даврини “Андижанец” жамоасида ўтказган.

10-қаватдан йиқилган MMA жангчиси тирик қолди

Hardcore MMA жангчиси, доғистонлик “Веном” лақабли спортчи Магомед Зайналов 10-қаватдан йиқилди. Бу ҳақда Зайналов жанг қиладиган лига вакили Эдуард Кузминов маълум қилди.

“Бугун эрталаб мен қайғули хабар олдим. Магомед Зайналов 10-қаватдан йиқилиб тушибди,у ҳозир реанимацияда. 2 февраль куни у жанг қилиши керак эди.  Веном тезроқ тузалиб кетишини тилаб қоламан”, дейди Кузминов

Маълум бўлишича, 24 ёшли жангчи эҳтиётсизлик оқибатида 10-қаватдан машина устига тушгани учун тирик қолган. Олд тарафи пачақланган Nissan X-trail автомобили эгаси эса спортчини судга беришни режалаштирмоқда.

Зайналов рафиқасининг сўзларига кўра, улар яқинда ижарага олинган квартирага уй ҳайвони олган. Ҳайвон балконга сакраб чиққан ва спортчи унга қўл чўзиб, эҳтиётсизлик оқибатида йиқилиб тушган. Қайд этилишича, Зайналовнинг оёқ ва тос суяги жиддий жароҳат олган.

Жангчининг менежери Виталий Тарасовнинг айтишича, ҳозирда мижозининг ҳаёти хавф остида эмас ва Зайналов сўнгги йилларда иштирок этган Hardcore MMA лигаси молиявий жиҳатдан ёрдам берган.

“Шифокорларнинг айтишича, унинг ҳолати барқарор. У яшайди. Ҳозирда биз Магомеднинг ўзидан хабар кутмоқдамиз, менимча, у тез орада биз билан боғланади”, дейди Виталий Тарасов

Магомед Зайналов 2021 йилдан бери Hardcore MMA'да иштирок этиб келади. Икки йилдан сал кўпроқ вақт ичида у турли қоидалар бўйича 15 та жанг ўтказиб, уларнинг тўрттасида ғалаба қозонган, биттасида дуранг қайд этилган бўлса, 10 та жангда мағлуб бўлган.

Макроннинг рафиқаси “қовун туширди"

Францияда ўтказилган хайрия тадбирларидан бирида давлат раҳбари Эммануэль Макроннинг рафиқаси Брижит Макрон ва мамлакат терма жамоаси устози Дидье Дешам кўришиб, турли мавзуларда, жумладан футбол ҳақида суҳбат қурди. Айниқса уларнинг “Реймс” клуби аъзоси Дзюня Ито ҳақидаги диалоги барчанинг эътиборини тортди.

Тадбирда Макроннинг рафиқаси Дешамдан нега “Реймс” ҳужумчиси Дзюня Итони терма жамоага чақирмаслигини сўради. Дешам эса жилмайиб: “Чунки у япон”, деб жавоб қайтарди.

Шунингдек, ўзаро суҳбат вақтида 70 ёшли Брижит Макрон япониялик футболчи ҳақида бир қатор илиқ сўзларни айтиб ўтди.

Қайд этиш жоиз, маълум бир мамлакат терма жамоасига фақатгина ўша мамлакат фуқаролигига эга бўлган футболчиларни жалб қилиш мумкин.

Маълумот учун, 30 ёшли Дзюня Ито жорий мавсум Франция чемпионатида 17 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.

Роналду хитойлик мухлислардан узр сўради

“Ал-Наср” ўзининг асосий юлдузи Криштиану Роналдунинг жароҳати туфайли Хитойдаги турнени бошқа муддатга қолдиришга қарор қилди.

Тармоқларда хитойлик футбол ишқибозлари португалиялик футболчининг ўйинини кўра олмаганидан хафа бўлганини билдирди. Ўйинлар бекор қилингани эълон қилинганидан кейин Роналду хитойлик мухлисларга мурожаат қилиб, бир неча илиқ сўзларни айтди.

“Мен бу мамлакатни яхши кўраман. Сиз учун ўйнашни хоҳлайман. Илтимос, хафа бўлманг, чунки мен ҳам хафаман”, дейди Роналду.

Маълумот учун, Криштиану Роналдунинг оёқ мушакларида жароҳат бор. 38 ёшли ҳужумчи қачон тўлиқ жароҳатидан фориғ бўлиши ҳозирча номаълум.

Туркиядаги футбол ўйинида Россия ва Қозоғистон жамоалари муштлашди

Туркиянинг Белек шаҳридаги ўқув-машғулот йиғини доирасидаги ўртоқлик ўйини чоғида Қўстанайнинг “Тобол” ва Россиянинг “Челябинск” клублари ўртасида муштлашув бўлди. 

2-бўлимда Қозоғистон жамоаси футболчиси Ислом Чесноков тўп учун курашган челябинсклик футболчи билан тортишиб қолди. Оқибатда ўйинчилар ўртасида жанжал келиб чиққан. Учрашув ҳаками  эса икки футболчини ҳам майдондан четлатган.

Захира ўриндиғига ўтаётганда “Челябинск” жамоаси футболчиси Чесноковнинг томоғидан ушлаган, бу эса футболчилар ўртасида муштлашувга сабаб бўлган, бироқ бироз ўтиб футболчилар тинчланди, шундан сўнг ўйин давом эттирилди.

Қайд этиш жоиз, учрашув Россия клубининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Бу ортда қолаётган ҳафта спортига доир энг муҳим воқеликлар эди. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ саҳифаларида кузатиб боринг.


Мақола муаллифи

Теглар

sport dayjesti

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар