Депутатлик назорати – коррупцияга қарши курашишда самарали воситаларидан бири
Жамият
−
10 Март
963Охирги йилларда мамлакатимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқиш, мураккаб ва долзарб муаммоларни ҳал этиш, ҳокимият ва жамият ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмини яратишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Уларнинг самарасини бугун ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида ҳис қилмоқда.
Конституциявий ислоҳотлар натижаси ўлароқ, маҳаллий кенгашларнинг конституциявий ваколатлари алоҳида норма сифатида белгиланди. Унга мувофиқ, ўтган йили бўлиб ўтган сайловлардан кейин Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашларига ҳокимлар эмас, депутатлар орасидан сайланган шахс раислик қилмоқда. Бошқача айтганда, давлат бошқарувида ваколатлар юқоридан қуйига ёки ижро ҳокимиятидан вакиллик органларига ўтказилмоқда. Бу давлат бошқарувини янада демократлашувидан далолат беради.
Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида ҳам халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига қўшимча ваколат берилиб, уларга бир қатор долзарб вазифалар юкланди.
Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланиб, уларга ҳокимлар эмас, халқ депутатлари вилоят кенгаши раислари бошчилик қилиши белгиланди.
Дарҳақиқат, ҳозирда жойларда кучли депутатлик корпуслари шаклланди. Улар жамиятдаги у ёки бу муаммоларни ечишда, бугунги ислоҳотлардан аҳолини рози қилишда муҳим вазифаларни бадармоқда.
Шуларни назарда тутганда, ҳудудларда коррупцияга қарши курашишда ҳам халқ вакилларининг кучи, имконияти ва салоҳиятидан фойдаланиш энг тўғри қарордир. Чунки, ҳар бир депутатнинг ортида кўплаб сайловчилари бўлиб, уларнинг коррупцияга қарши курашда муросасиз жамоатчилик назоратини олиб боришга ҳар томонлама имкониятлари мавжуд. Шу маънода ҳам, уларга ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш кенгашларига бошчилик қилишни ишониб топширилиши бежизга эмас.
Депутат халқнинг давлат бошқарувида иштирок этувчи вакилидир. Шундай экан, жамият тараққиётини ривожига “тушов” бўлиб турган коррупция “бало”сини бартараф этишда халқ вакилларининг етакчи бўлиши мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Эндиликда, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловчилар билан учрашувлар, мансабдор шахслар эшитувлари ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш жараёнида жамиятда коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарадиган омилларни аниқлаши, уларни олдини олиш ва барҳам бериш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича ўз таклифларини билдириши лозим бўлади.
Ҳудудий кенгашлар ҳар чоракда битта соҳада коррупциявий омилларни бартараф этиш, қонун устуворлиги, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритиб боради.
Бу муҳим янгиликларнинг пировардида, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни аниқланиши, ижро органлари устидан тўлақонли депутатлик назоратининг ўрнатилишига эришилади. Шунингдек, “Кенгаш сўрови” ва “Кенгаш текшируви” институтларини амалиётда қўлланишига замин бўлиб хизмат қилади.
Муҳаммаджон Жўраев,
мустақил эксперт
LiveБарчаси