3 та вазирликда коррупция бўйича эксперимент ўтказилади

Жамият

image

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖда коррупцияга қарши ички назорат тизими самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади. Бу бугун, 21 апрель куни қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, 2027 йил 1 январгача ҳуқуқий эксперимент тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий этилади: 

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Агентлик) ходимлари тайинланади;
  • эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари бевосита Агентликка бўйсунади;
  • эксперимент ўтказиладиган ташкилотларнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш Агентлик ҳамда эксперимент ўтказиладиган ташкилотлар томонидан биргаликда амалга оширилади.

Агентлик давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий таъминлаш, уларнинг ходимларини стажировка ва аттестациядан ўтказиш ҳамда малакасини ошириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

2025 йил 1 июлгача “E-anticor.uz”да ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларининг электрон реестрини юритиш, ҳисоботни электрон тақдим этиш, аноним сўровномалар ўтказиб эълон қилиш имконини берувчи электрон модуль ишга туширилади.

Қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларидаги коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг устувор вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

  • коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш;
  • давлат хизматларини кўрсатишда коррупциявий омилларни бартараф этиш, маиший коррупциянинг олдини олиш, шу жумладан, рақамлаштириш, бюрократияни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва якунлари бўйича аниқланган коррупциявий нормаларни бекор қилиш бўйича таклиф киритиш.

Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ўз фаолиятида бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади.

Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларини ташкил этишнинг минимал мезонлари тасдиқланди.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг