Депутат Ғаниев: ИИВ видеоси депутатларга “сигнал” бериш учундек гўё

Жамият

image

Сал аввал Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.М. ва ички ишлар ходимлари ўртасида бўлган низоли вазият ҳақида хабар бергандик. Ҳолатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ўз изоҳини бериб ўтганди. Яна бир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ҳам депутатининг йўл патрул хизмати ходимлари билан тортишгани акс этган видеога ўз муносабатини билдирди.

“Бугун Facebook ва Telegram каналларида Наманган шаҳар кенгаши депутатининг Йўл патрул хизмати ходимлари билан тортишгани акс этган видеони кўриб, тўғриси дилим ғаш бўлди. Шубҳасиз, қонун устуворлиги таъминланиб, қонун ҳамма учун бирдек амал қилиши керак. Шу сабаб, Наманган шаҳар депутатининг қилган ишини оқламайман ва  тегишли тартибда қонун олдида жавобгарликка тортилиши тарафдориман.

Лекин менга бу ҳолат гўё шунчаки тасодиф эмас, балки негадур ЙПХ ходимлари томонидан жамоатчилик, халқ орасида депутатларни обрўсизлантириш, уларни ёмон кўрсатиш учун атайин тайёрланган холат каби туюлмоқда. Эҳтимол адашаётгангандирман, лекин видео тасвирни монтаж қилингани, видеода кўрсатилган гаплар контексдан узиб олиниб кўрсатилганлиги яққол кўриниб турибди. Қолаверса, нега қайта-қайта бу одамни депутатлигига урғу берилмоқда? Aгар қоидани, қонунни бузган бўлса, қонун олдида жавоб берсин, тамом. ТВга олиб чиқиб, ҳамма депутатларни умумий тарзда ёмон отлиқ қилиш керак эмас”, дейди депутат.

Ғаниев, шунингдек, нима сабабдан видеода Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мағфират Хушвақтованинг яқинда шифокорларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб, билдирган фикрларини ҳам нотўғри деб, депутатни популизмда айбланганини савол остига олади. Бу ва бу каби бошқа депутатларга боғлаб чиқарилган салбий ҳолатлар худди депутатларга “сигнал” бериш учун, огоҳлантириш мақсадида тайёрлангандек туюлганини айтади.

“Камига видео тасвирда мухбир томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг яқинда шифокорларимиз ҳуқуқини ҳимоя қилиб, билдирган фикрларини ҳам нотўғри деб, депутатни популизмда айблаябди. Нима энди Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати ўзига келиб тушган мурожаатлар юзасидан ижро ҳокимияти фаолияти юзасидан муносабат ҳам билдириши мумкин эмасми? Aхир бу унинг энг асосий вазифаси-ку...

Қолаверса, бундай қўпол қоида бузарликлар Ички ишлар ва ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари, ижро ҳокимият вакиллари томонидан содир этилмайдими? Нега улар томонидан бузилган қоидабузарликлар намуна қилиниб, жамоатчиликка ёритилмайди? Ё мен кўрмай қолдимми?

Қисқаси, менга бу ва бу каби бошқа депутатларга боғлаб чиқарилган салбий ҳолатлар худди депутатларга “сигнал” бериш учун, огоҳлантириш мақсадида тайёрлангандек туюляпти. Эҳтимол, кимларгадур депутатларни охирги пайтларда фаоллашгани, ижро ҳокимияти, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ИИВ фаолиятини танқид қилгани ёқмаяпти шекилли. Яна ким билсин. ИМҲО”, дея шахсий фикрларини билдирган Дониёр Ғаниев.
 


Мақола муаллифи

Теглар

ЙПХ депутат Дониёр Ғаниев

Баҳолаганлар

363

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг