Депердье Ислом цивилизацияси марказига бориб, Мирзиёевнинг ислоҳотларига тан берди
Маданият-санъат
−
07 Ноябрь 2019
4427Аввалроқ, таниқли француз актёри Жерар Депардье Ўзбекистонга келгани ҳақида хабар берган эдик.
Актёр Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг қурилиш жараёни билан танишди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Актёр Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров ва “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов билан суҳбатлашган.
Учрашувда француз актёри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ислом динининг чинакам инсонпарварлик моҳиятини кенг жаҳон жамоатчилигига етказиш борасидаги ташаббуслари муҳимлигини таъкидлаган.
“Мен ушбу марказни барпо этиш ташаббуси билан чиққан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёндашувига қўшиламан. Мамлакатингизда ушбу муқаддас динни инсонпарварлик қадриятларнинг диққат маркази сифатида улуғлайдилар ва бу буюк эътиқодни зўравонлик ва қон тўкиш билан тенглаштирганларни қоралайдилар. Бугунги кунда кўплаб экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон мусулмон дунёси учун инсонпарварлик ривожланиш моделининг пойдеворини қўймоқда. Бу ҳақиқатан ҳам тарихий лаҳзалардир”, дейди Депардье.
Актёр Ўзбекистон азалдан олимлар ва буюк мутафаккирларни дунёга келтирган замин эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтган.
“VIII асрдан бери бу ерда ноёб интеллектуал муҳит яратилган. Математика, тиббиёт ва умуман барча фан соҳаларида катта ютуқларга эришилди. Илоҳиётга ҳам эътибор берилди. Энг нуфузли ҳадислар тўплами – Пайғамбарнинг ҳикматлари – Имом Бухорий томонидан тузилган. Нақшбандийнинг энг катта суфийлик нишони (замонавий Ўзбекистон ҳудудида пайдо бўлган – таҳрирчи изоҳи ) Бутун Евросиё бўйлаб – Болқондан Индонезияга қадар тарқалган. Кўплаб таниқли буюк олимлар Мовароуннаҳрда яшаб келганлар, жумладан, Ислом илмининг “олтин даври”да – IX-XI асрларда Ўзбекистонда. Европа дунёсининг ҳеч бир мамлакати бундай илмий марказ билан фахрлана олмайди. Бу Ислом маърифат ғояларини тарғиботчиси эканлигининг яққол белгиси эмасми?” деб хулоса қилади актёр.
Қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида гапирганда, актёр ушбу марказ ислом динини эътироф этган халқларнинг энг бой меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ва оммалаштириш ва бошқа динларни ҳурмат қилишда ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирди.
Шунингдек, актёр ўзбек халқининг меҳмондўстлигидан ва Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросидан ҳайратда эканлигини билдирди.
Депардье сўзининг охирида ислом мероси, маърифатли ислом мавзуси Ўзбекистонда суратга олиш ишлари бошланган фильмнинг асосий мавзуларидан бири бўлишини қўшимча қилди.
“Бизнинг вазифамиз – француз томошабинларига ва бутун дунёга исломнинг ҳақиқий қиёфасини – маданияти, илми, санъатини намойиш этишдан иборатдир”, дея таъкидлади актёр.
Жерар Депардье иштирокида ҳужжатли фильмни суратга олиш ташкилотчилари сифатида “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ташаббус кўрсатмоқда. Фильмни суратга олиш ишлари Ўзбекистоннинг 5 та шаҳри – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Нукусда олиб борилади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15