Деновдаги кучли портлаш атрофга қанча зарар етказгани очиқланди
3-саҳифа
−
08 Декабрь 2021
20305Кеча, 7 декабрь куни Сурхондарёнинг Денов туманидаги савдо марказида содир бўлган кучли портлаш 65 тадбиркорлик субъекти биноси ва хонадонга зарар етган. Бу ҳақда портлаш оқибатларини ўрганаётган Ҳукумат комиссияси аьзолари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди, деб хабар берди ЎзА.
Матбуот анжуманида вилоят ҳокими Тўра Боболов ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, Бош прокуратура, ССВ ва бошқа идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссияси томонидан ўрганилаётган портлашнинг атрофга етказган зарари ҳақида атрофлича маълумот берди.
“Икки қаватли “Инденим” савдо мажмуасида юз берган чақнаш оқибатида бинонинг деворлари қулаб тушган. Шунингдек, 65 тадбиркорлик субъекти биноси ва хонадонга енгил зарар етган. Деразалар ойналари синган. Олтита хонадон деворларида ёриқлар пайдо бўлган. Лекин ижтимоий тармоқларда Мустақиллик ва Шароф Рашидов кўчаларини кенгайтириб, ободонлаштириш учун бузилаётган уй-жойлар сурати жойлаштирилиб, мазкур ҳодисага боғланган изоҳларни ҳам кўраяпмиз. Бу ҳақиқатга зид бўлиб, биргина Шароф Рашидов номли кўчада бузилишга тушган иморатлар учун 27,5 миллиард сўм маблағ тўлаб берилган. Айни пайтда бу фуқаролар мулкларини ўзлари бузиб олмоқда. Бундай нохолис маълумотларни ижтимоий тармоққа жойлаштириб, халқни чалғитмаслик керак. Зарар кўрганларнинг вақтинча яшаши учун 24 та хонадон ҳозирланди. Хонадони таьмирлангунча кўчиши лозим, деб топилган етти оила кўчирилди. Уларнинг яшаши учун ижара ҳақини туман ҳокимлиги тўлаб беради”, деган вилоят раҳбари.
Маълумот учун, 7 декабрь куни соат 03:57 да Денов шаҳрининг Мустақиллик кўчасида жойлашган икки қаватли “Инденим” савдо мажмуаси биносида юз берган портлаш туфайли бинонинг деворлари қулаб тушган. Ҳодиса оқибатида 2 киши нобуд бўлиб, 9 киши жароҳатланган.
Жароҳатланганларга зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ички ва ташқи жароҳатлар билан шифохонага олиб келинган оғир аҳволдаги икки нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозир уларнинг аҳволи ўрта оғирликда. Қолганларининг аҳволи яхши. Умумий бўлимга ўтказилиб, муолажа давом эттирилмоқда. Қариндошлари билан суҳбатлашмоқда.
“Ҳолат юзасидан тегишли моддалар билан жиноят иши қўзғатилган. Тажрибали экспертлар гуруҳи иш олиб бормоқда. Дастлабки суриштирув-ўрганишларга кўра, бинодаги газ қурилмалари узоқ муддат ишлаб, ўта қизигани оқибатида кучли чақнаш юзага келган бўлиши мумкин. Ишчи гуруҳ ишламоқда. Сабаблари ўрганилаётир. Бинонинг теварак-атрофини тозалаш ва тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳукумат комиссияси ўрганишлари ва тергов суриштирув ишлари натижаси ҳақида қўшимча маьлумот берилади.
LiveБарчаси