Демократлар фитнаси: АҚШда сайлов олдидан мусулмонларга қарши риторика кучаймоқда
World
−
15:54 1207 4 minutes
АҚШда жорий йилнинг ноябрь ойидаги оралиқ сайловлар яқинлашар экан, айниқса Республика партияси вакиллари томонидан мусулмон сиёсатчиларга қарши исломофобик баёнотлар кучаймоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, бу жараён Мичиган штатидан Демократик партиянинг Сенат сайловида Абдул Ал-Сайид ғалаба қозонганидан кейин янада авж олган. Хусусан, Республикачи сенатор Томми Тубервилл уни Вашингтонга “террорист” юборишга овоз берилганини айтган ва Ал-Сайидни “радикал исломчи” деб атаган.
Тадқиқотчилар буни 11 сентябрь терактларидан кейинги даврдан буён АҚШда сайловлар олдидан кузатилган мусулмонларга қарши энг кучли риторика тўлқини сифатида баҳоламоқда. АҚШда мусулмонларга қарши кайфиятни ўрганувчи Institute for Social Policy and Understanding (ISPU) тадқиқотчиси Саҳер Селод 2025–2026 йиллардаги исломофобик реклама ҳужумлари 11 сентябрдан кейинги даврдагидан ҳам кучли эканини айтган.
ISPU маълумотларига кўра, мусулмонларга қарши стереотиплар асосида тузиладиган Исломофобия индекси 2022 йилдаги 25 баллдан 2025 йилда 33 баллга кўтарилган. Pew Research Center сўровига кўра эса, бугун АҚШда катталарнинг 51 фоизи Ислом бошқа динларга қараганда зўравонликни рағбатлантириши эҳтимоли юқори деб ҳисоблайган.
Нашрга кўра, айни пайтда мусулмон америкаликларнинг сиёсий ютуқлари ҳам кучаймоқда. Ҳозир АҚШ Конгрессида 4 нафар мусулмон аъзо бор, яна бир номзод сайланиши кутилмоқда. Ғазала Ҳошимий Виржиния тарихида штат миқёсида лавозимга сайланган биринчи мусулмон аёл бўлди, Зоҳран Мамдани эса 2025 йил январда Нью-Йоркнинг биринчи мусулмон мэрига айланган.
Маълум қилинишича, Ал-Сайиднинг ғалабасидан кейин унга нисбатан исломофобик постлар сони бир ҳафта ичида қарийб 1900 фоизга ошган. Улар кунига ўртача 155 тадан 3000 тадан кўпроққа етган.
Ҳаттоки, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам Ал-Сайидни “жиҳодчи” деб атаган ва “жиҳодчилар” мамлакат бўйлаб давлат лавозимларига сайланаётганини айтган. Вице-президент Жей Ди Вэнс эса уни “жуда-жуда ёвуз” деб атаган.
Республикачи сенатор Тед Круз Ал-Сайид ва Мамданини “исломчилар” деб атаб, улар шариат қонунларини исташини айтган. Конгресс аъзоси Нэнси Мейс эса АҚШда давлат лавозимидаги ҳар бир мусулмонни миллий хавфсизлик ва республика учун таҳдид деб атаган. Флорида вакили Рэнди Файн “кўпроқ исломофобия керак” деган бўлса, Теннесси вакили Энди Оглс “мусулмонлар Америка жамиятига тегишли эмас” деб ёзган.
Республика партияси раҳбарияти эса бу баёнотларга асосан муносабат билдирмаган.
Билдирилишича, исломофобик риторика сиёсатчиларнинг алоҳида баёнотлари билан чекланиб қолмаяпти. Техас губернатори Грег Эбботт ҳам ислом қонунлари жорий этилишига қарши чиқиб, мусулмонлар намоздан олдин таҳорат оладиган махсус жойлар ташкил этилгани билан боғлиқ масалаларни кўтарган ва қоралаган. Шунингдек, у Даллас яқинида масжид атрофида қурилиши режалаштирилган турар жой мажмуасига қарши чиққан.
Center for the Study of Organized Hate маълумотларига кўра, 13 ой давомида 89 нафар сайланган амалдор иштирокида мусулмонларга қарши 1111 та ижтимоий тармоқ пости ва 8 та қонун лойиҳаси билан боғлиқ мувофиқлаштирилган кампания қайд этилган.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар Ал-Сайид ва Мамданига билдирилган ҳар қандай танқидни исломофобия деб баҳоламаслик кераклигини таъкидламоқда. Масалан, Ал-Сайид Дирборн яқинидаги синагогага қилинган ҳужумдан кейин билдирган айрим фикрлари учун танқид қилинган ва кейинчалик узр сўраган. Мамдани эса “глобал интифада” шиорини бир маънода қораламагани учун танқидга учраган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, муаммо мусулмон сиёсатчиларнинг диний эътиқоди уларнинг сиёсий қарашлари ва дастурларидан устун қўйилаётганида. Селоднинг таъкидлашича, Ал-Сайидга нисбатан ҳужумларда унинг сиёсий платформаси эмас, айнан диний шахсияти нишонга олинмоқда.
Тадқиқотчилар исломофобик кайфият сиёсий қарашлар билан боғлиқ эканини ҳам қайд этмоқда. ISPU маълумотларига кўра, консерватив қарашдаги америкаликлар мусулмонларга қарши стереотипларни қўллаб-қувватлаш эҳтимоли бошқаларга қараганда 13 фоизга юқори.
Мутахассислар Республика партиясидаги рейтингларнинг пасайиши ва ноябрь сайловларида эҳтимолий йўқотишлар фонида мусулмонларга қарши риторика сайловчилар эътиборини бошқа масалалардан чалғитиш воситаси сифатида қўлланилаётган бўлиши мумкинлигини ҳам қайд этиган. Республикачилар шунингдек, бугунги кунда оммабоплиги паст бўлган Эрон уруши ва аҳоли харажатларининг ошиб бораётгани билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг ноябрь ойидаги Конгресс сайловларида республикачилар назоратни сақлаб қолса, ҳар бир катта ёшли америкаликка 5 минг доллардан “Трамп дивиденди” тўлашни ваъда қилганди.
Live
All