“Делимхонов тирик, у Чеченистонда” – “Ахмат” қўмондони
Олам
−
14 Июнь 2023
9338Россия Давлат Думаси депутати ҳамда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг “ўнг қўли” Адам Делимхонов Украинадаги жанглардан бирида оғир яралангани ҳақида хабар берган эдик. 2-армия корпуси қўмондони ўринбосари, “Ахмат” махсус кучлари қўмондони Апти Алаудинов мазкур хабарга муносабат билдириб, Делимхонов тирик ва ҳозирда Чеченистонда эканини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
“Буларнинг барчаси ёлғон. Адам Султонович бутунлай соғ ва у ҳозирда Республикада (Чеченистонда) – Рамзан Ахматовичнинг олдида. Шуни айтаманки, қачон биз йўқ бўлсак, ўлганга чиқаришади”, дейди Алаудинов.
Бундан ташқари, Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин бироз аввал Делимхонов билан суҳбатлашгани ҳамда у тирик ва соғлом эканини маълум қилган. Кейинроқ у Давлат Думаси ялпи мажлиси олдидан “ҳозиргина” депутат Делимхонов билан гаплашганини айтган.
Бунга нисбатан Рамзан Қодиров ҳам эътибор қаратиб, ўзининг Telegram каналида гўёки Делимхонов билан боғлана олмаётганини ёзган ҳамда Украина разведкасидан “қадрли биродари”ни топиш учун унга қайси жойда зарба берилганини айтишларини “илтимос қилган”. Бунинг учун ҳатто уларга мукофот ҳам ваъда қилган.
Делимхоновнинг яралангани ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб тарқатган “Звезда” нашри эса бу хабарни уч марта таҳрирлаган. Охирги версияда “Делимхоновнинг жароҳатлангани ҳақида ҳеч бир расмий тасдиқ йўқ”, дея ёзилган.
Сўнгги хабарлар Делимхоновнинг жароҳатлангани ёки ҳатто ҳалок бўлгани ҳақидаги гапларни рад этяпти. Бироқ ҳозиргача унинг тириклигини тасдиқловчи бирор далил эълон қилинмади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь