Деҳқон бозорида аёллар нега жанжал кўтарди? (видео)
Жамият
−
16 Август 2019
15420Бугун ижтимоий тармоқларда Оққўрғон тумани марказидаги деҳқон бозорида юз берган жанжал видеоси тарқалди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, вазият ички ишлар органлари ҳамда ҳокимлик масъуллари томонидан қатъий назоратга олинган. Орган ходимлари ва савдогарлар ўртасидаги баҳсли ҳолат бўйича туман ҳокимлиги масъуллари иштирокида маслаҳатлашув ўтказилди.
"Мазкур воқеа жорий йилнинг 14 август куни бўлган. Кундузи 11:00 да “Оққўрғон деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудига Алишер Навоий кўчаси томонидан кириш қисмида, туман ҳокимининг 1836-сонли “Оққўрғон шаҳри Бирлик МФЙ А.Навоий кўчаси ҳудудидаги бўш турган ер майдонида фуқаро Қурбонов Даврон Эргашевич томонидан икки қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қурилиши учун рухсат бериш” тўғрисидаги Қарори асосида қурилиш ишларини бошлаш учун усталар иш бошлаган.
Шу вақтда бозорга кириш йўлини девор билан беркитаётган вақтида, шу ерда полиз экинлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш билан шуғулланаётган аёллар қурилаётган девор ўзларининг савдосига халақит қилишини айтиб, қурилишни тўхтатишни талаб қилишган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бу жой бозорнинг асосий кириш йўлаги эмас, орқа томон. Қолаверса, расман бозор дарвозаси ҳам эмас. Қолаверса, бу ердаги ёймачилар (савдо расталарида эмас, ерда, кўчаларда савдо қилувчилар) туфайли ҳудудда автомашиналар тирбандлиги вужудга келган. Пиёдалар ўтиш жойида йўл-транспорт ҳодисаси тез-тез бўлиб туради. Шу боис ҳам мазкур норасмий дарвоза (бозорнинг чиқиш йўлаги) қурилишини режалаштирилган.
Тушунтиришларга қарамай, 5 нафар савдогар аёл (уларнинг исм-фамилиясини этика юзасидан номма-ном келтиришни жоиз кўрмадик) бақир-чақир қилиб, атрофдаги оломонни эътиборини ўзларига қаратиб, қурувчи усталар ва бозор раҳбарини ҳам ҳақорат қилиб, кўплашиб қурилаётган деворни бузиб ташлаган.
Шундан сўнг воқеа жойига тезкор-тергов гуруҳи ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси катта лейтенант И.Раимов, ИИБ ЖҚБ тезкор вакили майор Э.Арслонов, ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори катта лейтенант Ў.Турсунов, ИИБ ЭКГ эксперти капитан А.Мирзалиев ва ЙҲХБ инспектори сержант С.Жумаевлар етиб бориб, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатларни қонуний, ўрнатилган тартибда расмийлаштириш вақтида ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмаганлиги сабабли, тўпланган ҳужжатларни туман ИИБ Навбатчилик қисмидаги ШАКЛ-2 китобига 703-сон билан қайд қилиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланган", дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь