Президентни ухлатмаган пенальти– Спорт дайжести

Спорт

Бугун Раҳмоналиевнинг зарбасидан кейин 3 кун ухлолмаган Президент, Магнус Карлсенни сакратиб юборган Нодирбек Абдусатторов ва онлайн қимор ўйинлари ўйнаганларни танқид остига олган Нусултон Рўзибоев ҳақида гаплашамиз.

Пенальтини уролмаганидан кейин 3 кун ухлолмай чиқдим – Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 май куни Киночилар саройида санъат вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Осиё кубоги финали ва Париж-2024 Олимпиада йўлланмасини қўлга киритгани ҳақида фикр билдириб ўтди. 

“Биласизларми, пенальтини уролмаганидан кейин 3 кун ухлолмай чиқдим. Унинг ўрнига ўзим бўлсам, дейман-да. Нимага бундай бўлиши керак экан-а, биттагина тўп-а? Шундай маҳорат кўрсатди, уларнинг кўпи билан гаплашдим. Уларга телеграмма юбордим. Энди биз ҳам дарров чемпион бўламиз, деймиз-да. Биринчи маротаба жамоавий турда Олимпиадага йўлланмани қўлга киритдик. Бу ҳам катта ютуғимиз”, деган Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Президент футбол ҳам осон иш эмаслиги, ҳозирда 5-6 нафар ўзбекистонлик футболчилар дунёга машҳур жамоаларда тўп сураётганини ва бундан фахрланишини билдирди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Олимпия терма жамоас бир неча кун олдин Қатар яшил майдонларида якунига етган Осиё чемпионатида 2-ўринни қўлга киритиб, Ўзбекистон тарихида илк бор жамоавий спорт турлари бўйича Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Осиё кубоги финалида Кападзе шогирдлари Японияга 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб, қитъа биринчилигининг кумуш медаллари билан кифояланганди.

Рўзибоев Баклига мағлуб бўлди

12 майга ўтар кечаси АҚШнинг Сент-Луис шаҳридаги Enterprise Center аренасида ўзбекистонлик UFC  жангчиси Нурсултон Рўзибоев америкалик Хоакин Бакли билан жанг қилди.

3 раундлик жангда Хоакин Бакли фаоллик кўрсатди. Аниқ зарбалар ва тейкдаунлар сонида ҳам Бакли устунлик қилди. Ҳакамлар 30-27, 30-26, 29-27 ҳисобида Баклининг ғалабасини қайд этди. 

Рўзибоев ташкилотдаги 3-жангидан 40 минг АҚШ доллари фойда кўрди. Бу ҳақда спортчининг ўзи QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

Қайд этиш жоиз, UFC on ESPN турнирнинг бонуси Билли Гофф ва Трей Уотерс ўртасидаги жангга тақдим этилди. Ёрқин беллашув учун ҳар икки спортчига 50 минг АҚШ доллари берилди. 

Бахсдан кейин Рўзибоев онлайн қимор ўйинларида унинг ғалабасига пул тикиб, ютқазганларни танқид остига олди.

Маълумот учун, 30 ёшли Рўзибоев шу вақтга қадар MMA'да 34 та жангда ғалаба қозонган, 8 та баҳсда эса имкониятни бой берган. Рўзибоевга тенгдош бўлган Бакли эса 24 та жангда қатнашиб, шулардан 18 тасида зафар қучган, 6 та тўқнашувда мағлубиятга учраган.

Карлсенни сакратган Абдусатторов 175 минг долларлик турнирдан қанча ишлаб олди?

Польша пойтахти Варшава шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича “Superbet Poland Rapid & Blitz” турнири ниҳоясига етди.

Турнирнинг блиц баҳсларида амалдаги жаҳон тождори норвегиялик Магнус Карлсенни мағлубиятга учратган ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов мусобақада 8 очко жамғариб, бу йўналишда ҳиндистонлик Аржун Эригайси билан 6-7 ўринни қўлга киритди.

10 нафар гроссмейстер иштирок этган мусобақанинг рапид баҳсларида 1-ўрин хитойлик Вэй Ига насиб этди. У баҳслар давомида 13 очко ишлашга муваффақ бўлди. Блиц баҳсларининг 3-турида Нодирбек Абдусатторовга имкониятни бой берган Магнус Карлсен эса рапидда 2-ўринни эгаллади.

Блиц ўйинларида эса Карлсен чемпионликни қўлга киритди. Бу йўналишда Нодирбек 9,5 очко билан 5-ўринни банд этди.

Умумий натижаларга кўра, Карлсен биринчи, Вэй И иккинчи, Абдусатторов эса 6-ўринни эгаллади. Гарчи турнида ўзбекистонлик гроссмейстер совринли ўринларни эгаллай олмаган бўлса ҳам, 11 минг доллар пул мукофотини қўлга киритди.

Шунингдек, Нодирбек блиц баҳсларининг 3-турида Карлсенни мағлубиятга учратиб, уни ўзига хос реакция қилишга мажбур қилгани билан ҳам турнир кузатувчиларининг ёдида қолди.

Магомед Ибрагимов карьерасини якунлади

Асли россиялик эркин курашчи, фаолияти давомида кўплаб нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Рио-2016 Олимпиадаси совриндори Магомед Ибрагимов спорт билан хайрлашди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

38 ёшли Ибрагимов охирги марта Туркиянинг Истанбул шаҳри мезбонлик қилаётган Париж-2024 Олимпиадаси учун лицензион турнирда иштирок этди.

Ибрагимов фаолиятидаги охирги баҳсда хитойлик 25 ёшли Хабила Авусайиманга мағлубиятга учради.

Курашчи фаолияти давомида икки карра Осиё чемпиони бўлган. Шунингдек, ўтган йили Хитойда ўтказилган Осиё ўйинларида бронза медалига эга чиққан.

Шаҳрам Ғиёсов Мадримов жанг қиладиган турнирда рингга кўтарилади

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов 3 август куни Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган бокс кечасида жанг қилади. Бу ҳақда спортчининг ўзи QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

Катта эҳтимол билан Ғиёсовнинг бўлажак жанги чемпионлик камари учун ўтказилмайди, чунки Ғиёсовнинг вазнидаги литвалик Эймантас Станёниснинг жанг ўтказганига ҳали кўп бўлмади. Станёнис 3 августгача чемпионлик жангига тайёр бўла олмаслиги мумкин.

30 ёшли ўзбекистонлик боксчининг рақиби ким бўлиши ҳозирча номаълум. Ғиёсовга кўра, унинг чемпионлик жанги тахминан декабрь ойларида ўтказилади. 

Қайд этиш жоиз, 3 август куни ўтказиладиган бокс оқшомининг марказий жанги ўзбекистонлик Исроил Мадримов ва америкалик Теренс Кроуфорд ўртасида WBA чемпионлик камари ҳамда биринчи ўрта вазнда вакант, яъни эгасиз бўлиб турган вақтинчалик WBO камари учун бўлади.

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов америкалик енгилмас Теренс Кроуфордга қарши жанг учун махсус тактика тайёрламоқда. Бу ҳақда Шаҳрам Ғиёсов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

“Боксда битта зарба ҳамма нарсани ҳал қилиши мумкин. Олдиндан ҳеч нарса дея олмайман, лекин Мадримовнинг ғалаба қозонишига ишонаман. Ҳозир Мадримов қизғин машғулот ўтказмоқда. Исроил жисмоний ва техник томондан етук боксчи. У ҳозирда мураббийлари билан Кроуфордга қарши жанг учун тактика тайёрламоқда. Унинг имкониятлари яхши. Насиб этса, Кроуфордга қарши жангда унинг олдида бўламан”, дейди Ғиёсов.

Қайд этиш жоиз, Мадримов ва Кроуфорд апрель ойида жанг олдидан расмий тадбирда иштирок этиб, илк марта нигоҳлар жангида рўбарў келишганди.

Ҳабиб Нурмуҳаммедовнинг Россиядаги компаниялари ёпилмоқда

Россиялик аралаш яккакурашлар (MMA) бўйича машҳур жангчи, енгил вазн тоифасида UFC собиқ чемпиони Ҳабиб Нурмуҳаммедов Федерал солиқ хизматидан 306 миллион рубль қарздорлиги маълум бўлди. Департамент Eagle FC ва унга алоқадор хайрия жамғармасининг аккаунтларини блоклади. Бу ҳақда “Маш” Telegram-канали хабар берди.

Ўзининг спорт карьерасини тугатганидан сўнг, Ҳабиб спорт озуқаларини сотиш, Eagle FC промоушенига ҳомийлик қилиш билан шуғулланган. 

Манбага кўра, спортчи кейинчалик Sildi, First Mobile компаниялари, шунингдек, Таълим, спорт ва ижтимоий ташаббусларни ривожлантириш жамғармаси таъсисчилигидан истеъфога чиққан. Нурмуҳаммедов ўзига тегишли компаниялар эгалигини қариндошлари ва дўстларига топширган.

Федерал солиқ хизмати текширувни бошлади, ҳозирда Нурмуҳаммедовнинг бир қанча компаниялари ёпилган. Масалан, туризм билан шуғулланувчи Hikmet Travel компанияси ҳам фаолиятини тўхтатди.  Худди шундай ҳолат Eagle FC билан кузатилиши мумкин, дейилади хабарда.

Нурмуҳаммедовнинг жамоаси эса спортчининг Федерал солиқ хизмати олдидаги қарзлари ҳақидаги маълумотларга жавоб қайтарди.

“Солиқ қарзи ҳақидаги маълумотлар нотўғри. Ҳабиб бизнес лойиҳалари билан шуғулланишда ва уларни ривожлантиришда давом этмоқда”, дейди Нурмуҳаммедов жамоаси вакили.

Магомед Ибрагимов карьерасини якунлади

Асли ўзбекистонлик бўлган, ҳозирда Канада фуқаролиги билан МЛС ўринбосарлар лигасида тўп тепаётган футболчи Камрон Ҳабибуллоҳ Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг Париж мезбонлик қиладиган Олимпиада учун таркибига жалб этилиши мумкин. Бу ҳақда “Scout in Eurasia” Х саҳифаси хабар берди.

Манбага кўра, Ўзбекистон футбол федерацияси Камрон Ҳабибуллоҳни Олимпиада ўйинларига жалб этиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

20 ёшли Камрон Ҳабибуллоҳ ҳозирда АҚШнинг “Спортинг Канзас Сити” ўринбосарлар жамоасида тўп тепади. Футболчи Канада U-17 терма жамоаси сафида қитъа биринчилиги ва Жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этган.

Жорий мавсум Ҳабибуллоҳ “Спортинг Канзас Сити” клуби сафида МЛС Next Pro чемпионати доирасида 7 та ўйинда майдонга тушиб, 7 та гол урди.

Бироз вақт ўтгач Ўзбекистонда туғилиб, ҳозирда АҚШда тўп тепаётган футболчи Камрон Ҳабибуллоҳнинг футбол бўйича Ўзбекистон U-23 терма жамоаси сафида Олимпиадада иштирок этиши ҳақиқатдан йироқ ҳолатлиги аниқ бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси устози Темур Кападзе QALAMPIR.UZʼга батафсил ва ишончли маълумотни берди.

“Мен бу футболчини танимайман ҳам. Шунақа футболчи борлигини энди билдим. Олимпиада учун кенгайтирилган рўйхат аллақачон керакли жойга тақдим этилган. Рўйхатда эса бу боланинг номи йўқ. Қайсидир манбалар бу футболчини янада танитиш учун шунақа хабарлар тарқатаётган бўлса керак”, дейди Кападзе.

Қайд этилишича, 20 ёшли Камрон Ҳабибуллоҳ ҳозирда Канада U-20 жамоаси аъзоси ҳисобланади. Ҳозирда унда Афғонистон фуқаролигини олиш варианти ҳам мавжуд.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Магомед Ибрагимов Раҳмоналиев Рўзибоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг