“Давримизнинг Авлонийси” вафот этди

Жамият 11930
image

Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, “Буюк хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари соҳиби, “Қоракўл мактаби” асосчиси Тўхтамурод Жумаев вафот этди.

Тўхтамурод Жумаев 1945 йилда Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. 1967 йилда Бухоро педагогика институтини тугатган. 1963 йилдан Олот туманидаги 3-мактаб, кейинроқ Қоракўл туманидаги 8-мактабда математика фани ўқитувчиси, мактаб директори ўринбосари сифатида ишлаган.

Кўп йиллар давомида математика ўқитувчиси бўлиб фаолият юритган Тўхтамурод Жумаев 1990-2015 йилларда Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернати директори вазифасида ишлаган.

Халқ ўқитувчиси Жумаев ташкил қилган Қоракўл мактабида ўзига хос таълим олиш тизими жорий қилинган. Натижада мактаб ўқувчиларининг 90 фоизи олий ўқув юртларига қабул қилинган.

Бундан ташқари, ушбу мактаб ўқувчилари математика фанидан Халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, кўплаб медалларни қўлга киритган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил сентябрида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Тўхтамурод Жумаевнинг хизматларини қуйидагича эътироф этганди:

“Тўхтамурод домла ҳам, жадид боболаримиз каби, тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришди. Мана, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунавварқориси!”.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 401
Рейтинг: 3.1
t
×