Давлат улуши бор корхоналар хатловдан ўтказилади
Жамият
−
12 Декабрь 2019
4718Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш натижадорлиги ва бу йўналишдаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.
Йиғилишда таъкидланишича, 2020 йилда давлат иштирокидаги корхоналарни бошқариш бўйича янги вазифалар белгиланди.
Аввало, бундай корхоналарни ислоҳ қилиш ёки тугатиш, сақлаш ёки хусусий секторга бериш масаласини ўрганиш бўйича Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари бошчилигида ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Жумладан, ахборот технологиялари соҳасидаги 140 та корхона, ҳудудлардаги коммунал, қурилиш ва хизмат кўрсатиш субъектларига тегишли 1573 та, геология, металлургия, молия ташкилотлари бўйича 137 та, енгил саноат, машинасозлик ва электротехника тармоқларидаги 49 та, ижтимоий соҳа, туризм ва фармацевтика йўналишидаги 449 та, кимё, нефть-газ, энергетика соҳасидаги 42 та, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғидаги 330 та, саноат зоналаридаги 99 та корхона бўйича алоҳида ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг ҳар бирига молия вазири ўринбосарлари бириктирилди.
Ишчи гуруҳларга бир ой муддатда ҳар бир корхонани тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг рентабеллиги, ҳозирги қуввати ва истиқболини таҳлил қилган ҳолда, 2020 йилга мўлжалланган аниқ режа ва таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Кўплаб компаниялар молиявий ҳисобот юритиш, ички назорат ва аудит ўтказиш, бошқарувга мустақил аъзоларни киритиш каби масалаларда оқсаётгани кўрсатиб ўтилди.
Мутасаддиларга мазкур компанияларда корпоратив бошқарувни кенг жорий этиш, базавий соҳалардаги 32 та йирик корхонани ислоҳ қилишни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
LiveБарчаси