Давлат хизматчиларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари бўйича маълумотлар базаси яратилади

Жамият

image

Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг телефон рақами, почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги ахборотларни назарда тутувчи маълумотлар базаси яратилади. Бу ҳақда кеча, 19 июнь куни қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.  

Унга кўра, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб давлат хизматчиларининг ўз кўникмаларини доимий ривожлантириб бориши ҳамда улар ўртасида ўзаро мулоқотни кучайтириш бўйича қуйидаги имкониятларни назарда тутувчи “Давлат хизматчиси” мобил иловаси ишга туширилади:

  • масофавий тарзда давлат хизматчиларининг компетенцияларини ривожлантириш ва малакасини ошириш ҳамда бу борада статистик маълумотларни шакллантириш;
  • давлат хизматчилари томонидан давлат органи иш фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ташаббуслар бериш ҳамда раҳбар томонидан уларга муносабат билдириш;
  • давлат хизматчисининг шахсий ривожланиш режасини тузиш, унинг бажарилишини мониторинг қилиш;
  • ходим тўғрисидаги маълумотлар, раҳбар ходимлар учун улар томонидан мувофиқлаштириладиган соҳа ва бўлинмалар, боғланиш учун телефон рақами, почтаси ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳақидаги ахборотларни назарда тутувчи маълумотлар базасини яратиш. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур фармон билан эндиликда давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилиши ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилиши ҳамда республика даражасидаги ташкилот раҳбарлари ҳам Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона портали орқали танланиши хабар қилинганди. Шунингдек, давлат хизматчиларининг хорижий ва ички хизмат сафарлари натижаси электрон тизимда баҳоланиши ҳамда уларнинг тана вазни ўлчаб борилиши ва бу ҳақдаги маълумотлар махсус платформага жойланиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Давлат хизматчилари фуқаролик хизмати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг