Давлат герби 29 ёшда. Ўзбекистоннинг барча герблари қандай кўринишда бўлган?

Жамият

image

Бугун, 2 июль — Ўзбекистон Давлат герби қабул қилинган кун. 1992 йил 2 июлда “Ўзбекистон Республикаси давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзи саналади. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидагича кўринишга эга: тоғлар ва дарёлар, сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган, гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз акс эттирилган.
 
Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида “O‘zbekiston” деб ёзиб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг такрорланаётган тасвири, унинг катта-кичиклигидан қатъи назар, ушбу Қонунга илова қилинаётган рангли ва оқ-қора тасвирига аниқ мос бўлиши керак.

Қонуннинг 8-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербини ҳурмат қилишлари шарт”, деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисидаги қонунчилигини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. 

Дарҳақиқат, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунчиликни бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, Жиноят кодексининг 215-моддасида Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Малумот учун, 1925 йилда тасдиқланган биринчи Ўзбекситон ССРнинг герби қуйидаги кўринишда бўлган: 

гербнинг шакли айлана симон, унинг чап томонида пахта толаси, ўнг томонида эса буғдой бошоқлари тасвирланган. Гербнинг тепа қисмида араб ҳарфлари билан ёзилган сўзлар мавжуд, марказда олтин рангли ўроқ ва болға рамзлари тушурилган, унинг орқа томонида қуёш порлаб турибти, ўроқ ва болға рамзларининг пастки қисмида кирилл ҳарфлари билан ёзилган ЎзССР ёзуви ўрин олган. Гербнинг пастки қимида эса “Барча мамлакатлар меҳнаткашлари бирлашинг”, деган ёзув тасвирланган. 

1937 йилда юқоридаги келтирилган гербнинг айрим жойларига ўзгартириш киритилган. Масалан, араб ҳарифларида ёзилган сўзлар ва ЎзССР шиори яъни “Барча мамлакатлар меҳнаткашлари бирлашинг”  ёзувлари олиб ташланган. Ўроқ ва болға рамзларининг пастки қисмида кирил ҳарфлари билан ёзилган ЎзССР ёзуви лотин ҳарфларига ўзгартирилган.


 
1947 йилда қабул қилинган Ўзбекистон ССРнинг герби 1937 йилда қабул қилинган гербдан деярли фарқ қилмайди. Фақат гербнинг марказида жойлашган олтин рангли ўроқ ва болға рамзлари кумуш рангига ўзгартирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

O‘zbekiston

Баҳолаганлар

424

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг