Давлат дастури ижросини назорат қилиш учун штаблар тузилади
Жамият
−
13 Декабрь 2021
4212Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтириш бўйича Президент қарори” қабул қилинди
Қарорга мувофиқ, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили:
• 1 апрелгача жойларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг ҳолати, янги лойиҳаларни амалга ошириш зарурати ва уларнинг жойлашуви, шунингдек, ушбу масалалар бўйича кенг жамоатчилик фикри ўрганилади;
• 1 майгача лойиҳа-қидирув ишларини молиялаштириш учун зарур маблағлар буюртмачилар кесимида шакллантирилади;
• йил якунигача келгуси йиллар учун Дастур тасдиқланиб, унга киритилган лойиҳалар бўйича танлов (тендер)лар эълон қилинади. Бунда, Дастурга лойиҳа (лойиҳаолди) ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмаган лойиҳалар киритилишига йўл қўйилмайди.
2022 йил 1 январдан консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ва ишларни бажариш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:
• молиялаштириш манбаи аниқ бўлмаганда;
• лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, иш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари) мавжуд бўлмаганда ёки улар қурилиш-монтаж ишлари билан бир вақтда тайёрланганда, яъни параллел равишда олиб борилганда;
• пудратчи (лойиҳачи) ташкилотлар танлов (тендер) ўтказилмасдан танлаб олинганда.
Қарорга кўра, Давлат дастурлари шакллантирилиши ва ижро этилишини, шунингдек, ушбу дастурлар доирасида маблағлар мақсадли ишлатилишини назорат қилишнинг янги тизими жорий этилади.
Бунда Давлат дастурлари ижро этилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича республика штаби, ҳудудий штаблар ҳамда туман (шаҳар) штаблари тузилади.
Лойиҳалар ташаббускорлари фаолиятида “Бюджет назорати” электрон дастуридан фойдаланиш имконияти яратилади.
Қарорга кўра, Бош прокуратура тузилмасида Қурилиш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими ташкил этилади.
Шунингдек, хатловдан ўтказилган объектларнинг, шу жумладан кадастр рақами ҳамда паспортини ўз ичига олган ягона электрон маълумотлар базасини шакллантириш тизими яратилади.
2022 йил 1 июнгача таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва бошқа соҳалар учун янги замонавий идоравий қурилиш нормалари жорий этилади.
LiveБарчаси