Давлат божидаги ўзгаришлар натижасида аҳолининг 100 млрд сўм маблағи тежалади – Молия вазири ўринбосари
Жамият
−
19 Ноябрь 2022
6149Эндиликда давлат божлари ставкаларининг айримлари бекор қилинади ёки камайтирилади. Бу бугун, 19 ноябрь куни Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида қайд этилди. Сенаторлар томонидан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш маъқулланди.
Хусусан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия таъминотига нисбатан, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиришда давлат божини тўлаш бекор қилинмоқда. “Бунинг давлат бюджетига кўрсатадиган таъсири қандай?” Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев Молия вазири ўринбосарига айни шу савол билан юзланар экан, бу жараён таҳлилини сўради.
Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновга кўра, бўлаётган ўзгаришлар сабаб молиявий операциялар сони ошади ҳамда қарийб 100 миллиард сўм маблағ аҳолининг “чўнтаги”да қолади.
“Биз бу ишни бошлаганимизда дастлабки ҳисоб-китобларни қилганмиз. Айрим давлат божлари ставкаларини пасайтириш, айримларини бекор қилиш ҳамда оптималлаштириш – бу, аввало, маъмурчиликни енгиллаштиради. Сабаби битта операция бўйича битта ставка, битта бож белгиланган бўлади. Уни квадратига ёки от кучига боғлаш керак бўлмайди. Иккинчидан буни камайтирганимиздан сўнг операциялар сони ошади. Олдин буни ишончнома билан расмийлаштириб юрганлар, энди олди-сотдига ўтади ва ҳоказо. Шу орқали биз йўқотишларни қоплаймиз. Қилган дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра қарийб 100 миллиард пул аҳолининг чўнтагида қолади”, дейди Молия вазири ўринбосари.