Давлат байроғидан фойдаланиш шартлари енгиллаштирилиши мумкин
Жамият
−
01 Июнь 2023
4350“Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳада давлат байроғига нисбатан зарур ҳурматни таъминлаш шарти билан қуйидагилар таклиф этилмоқда:
- давлат байроғидан умуммиллий байрамлар, спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида ҳамда бошқа ҳолларда, шу жумладан ёғоч дастани (байроқ дастасини) ишлатмасдан фойдаланиш мумкинлиги;
- байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланишга рухсат бериш;
- давлат органларининг рамзларида (байроқ, геральдик белги) ва уларнинг расмий веб-сайтларида давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланишга ҳуқуқий асос ўрнатиш;
- давлат байроғи тасвиридан устки кийимга безатиш учун фойдаланишга рухсат бериш.
Шунингдек, давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинишига йўл қўйилмайдиган ҳоллар аниқ белгилаб берилмоқда. Бундай ҳолатлар сирасига давлат байроғини пойабзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакга, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқариш ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш, байроқдан кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, шунингдек буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш, столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш ва ундан қоплама сифатида фойдаланиш, шунингдек ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш кабилар киради.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорий мақсадларда фойдаланиш мумкин эмаслиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Қашқадарёда байроқли битирув тасмаси осиб олган йигитни ИИБ ходимлари олиб кетганди. Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама ва танқидларга сабаб бўлганидан кейин Бош прокуратура баёнот бериб, йигит бу учун жавобгарликка тортилмаслигини маълум қилган. Шунингдек, уни ҳибсга олган ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви ҳам ўтказилган.
LiveБарчаси