Дард устига дард: Чехия Президентида коронавирус аниқланди
Олам
−
26 Ноябрь 2021
3633Чехия Президенти Милош Земаннинг коронавирусга топширган тестида мусбат натижа аниқланди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Иржи Овчачек маълум қилди.
“Республика Президенти 25 ноябрь куни тушдан кейин коронавирус учун тестдан ўтказилди. Тест натижаси мусбат чиқди”, деган Овчачек.
Овчачекка кўра, Президент шифокори Мирослав Заворал билан маслаҳатлашувдан сўнг, Земанни Марказий ҳарбий госпиталга қайтаришга қарор қилинган. Президент коронавирусдан даволанаётган бир пайтда унинг иш дастури бекор қилинган.
Президентнинг даволовчи шифокорларидан бири, жарроҳ Павла Пафконинг сўзларига кўра, Земан сурункали хасталикдан азият чекмоқда, у жигар циррози билан оғриган ва айни пайтда унинг ошқозонига озиқлантирувчи трубка киритилган. Шу муносабат билан у жорий йилнинг 10 октябридан 25 ноябригача Марказий ҳарбий госпиталда даволанган.
Шифокорларнинг эътирозларига қарамай, Земан кеча, 25 ноябрь куни ўзининг “Лана” қароргоҳига қайтиб келган, у уйда даволанишни давом эттириш, шунингдек расмий вазифаларига қайтиш ниятида бўлган.
Бугун, 26 ноябрь куни Земан 8-9 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларида ғалаба қозонган “Биргаликда” коалицияси раҳбари Петр Фиалуни Республиканинг янги ҳукумати раҳбари этиб тайинлашни режалаштирган эди.