Дани Алвес Испаниядаги черковда воизлик қилмоқда
Спорт
−
29 Октябрь 2767 1 дақиқа
“Барселона” ва Бразилия терма жамоасининг собиқ футболчиси Дани Алвес жинсий зўравонлик айблови бўйича оқлангач, Жиронадаги Элим евангелист черковида воизлик қилмоқда. Бу ҳақда “El Pais” нашри хабар берди.
2022 йилнинг ёзида “Барселона”ни тарк этган Алвес Барселонадаги “Суттон” тунги клубида жинсий тажовуз қилишда айбланиб, бир йилдан ортиқ тергов ҳибсхонасида сақланган эди. Барселона суди уни дастлаб тўрт ярим йилга озодликдан маҳрум этган, бироқ кейинчалик Каталония Олий суди бу ҳукмни бекор қилиб, оқлов қарорини чиқарган.
Собиқ футболчи Домени маҳалласидаги Элим черковида бўлиб ўтган маросимда сўзга чиққан. У маросимда воизлик қилган ҳамда ўзининг диний садоқати ҳақида гапирган.
“Қамоқда бўлган вақтимда мен Худо билан аҳд туздим. Худонинг ишларига жиддий ёндашиш керак. Мен бунга тирик исботман. Худо нимани ваъда қилса, албатта бажаради”, дейди Алвес.