Дам олиш кунларида қандай об–ҳаво бўлади?
Бу қизиқ
−
16:22 1986 2 дақиқа
Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида иссиқ ва асосан қуруқ об-ҳаво сақланиб қолади. Фақат айрим вилоятларда қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет эълон қилган прогнозда келтирилган.
Бугун, 26 июнь куни кундузи республиканинг катта қисмида ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлади. Ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Тошкент вилояти ҳамда Фарғона водийси вилоятларининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Эртага, 27 июнь куни ҳам айнан Тошкент вилояти ва Фарғона водийсининг айрим жойларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши прогноз қилинмоқда.
28 июнь, якшанба куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида беқарор об-ҳаво кузатилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг баъзи жойларида ёмғир ёғади, айрим ҳудудларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. Республиканинг қолган қисмида эса ёғингарчилик кутилмайди.
Шамол 7–12 м/с тезликда эсади, айрим жойларда 13–18 м/с гача кучаяди. Шимолий ва чўл ҳудудларида шамол баъзан 20–22 м/с гача кучайиб, чанг-тўзонларни келтириб чиқариши мумкин.
Кундузги ҳаво ҳарорати бугун ва дам олиш кунлари кўпчилик вилоятларда 35–40 даража атрофида бўлади. Якшанба куни айрим ҳудудларда ҳарорат 42 даражагача, жанубий вилоятларда эса 43–44 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳарорат асосан 32–37 даража бўлади. Якшанба куни Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларида ҳаво 23–28 даражагача салқинлашади.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ кузатилиши мумкин. Сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли бор.
Тошкент шаҳрида бугун ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати 37–39 даража бўлади.
27 июнь куни қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ кузатилиши мумкин, ҳарорат 38–40 даражани ташкил этади. 28 июнь куни ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво 39–41 даражагача исийди. Пойтахтда кечаси ҳаво ҳарорати 23–26 даража атрофида бўлади. Шамол шарқдан 3–8 м/с тезликда эсади, вақти-вақти билан 10–12 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Live
Барчаси