Далининг 150 килограммлик шоҳ асари ўғирлаб кетилди
Олам
−
10:23 737 2 дақиқа
Жорий йил 4 октябрдан 5 октябртга ўтар кечаси Франциянинг Иссуар шаҳрида номаълум шахслар Сальвадор Дали қаламига мансуб, вазни 150 кг бўлган бронза китоб муқовасини ўғирлаб кетди. Полиция уларнинг буни қандай амалга оширганига ҳозирча изоҳ бергани йўқ. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.
Қайд этилишича, Сальвадор Дали томонидан яратилган “Апокалипсис китоби”нинг бронза муқоваси Иссуардаги Замонавий санъат марказидан йўқолган. Муқова олтин, қимматбаҳо тошлар ва чиғаноқлар билан безатилган.
Клермон-Ферран прокуратураси асарни “камёб ва бетакрор” деб атаган ҳамда унинг юқори қийматини алоҳида таъкидлаган. Биргина муқованинг ўзи 150 кг, бутун китоб эса қарийб 210 кг тош босади.
Жиноятчилар бу қадар оғир буюмни қандай қилиб олиб чиқиб кетгани ҳозирча номаълум. Полиция, шунингдек, улар музейни бузиб киришга мажбур бўлгани ёки йўқлиги ҳақида ҳам хабар бермаган. Иссуар мэри Бертран Барро бу йўқотишни “баҳолаб бўлмас даражадаги оғир” деб атаган.
“Бутун бир умрлик асар эди”, дейди у.
Асар эгаси Кристиан Карутзос ушбу ўғрилик Франциянинг маданий меросига берилган зарба бўлганини маълум қилган.
“Улар ўтган кеча Францияни ўлдиришди, улар Франция меросини йўқ қилишди”, дейди у маҳаллий радиога берган интервьюсида.
Маълумот учун, “Апокалипсис китоби” 1958 йилда ношир Жозеф Форэ томонидан ўйлаб топилган эди. Уни яратишда 14 нафар таниқли рассом ва ёзувчилар, жумладан, Жан Кокто, Бернар Бюффе ва Жан Жионо иштирок этган. Дали ушбу нашр учун бронза муқовани ясаган. Асарнинг ўзи 150 та йирик пергамент вароғидан иборат. Хаттотлик ишларига қарийб 2 минг соат вақт сарфланган, 550 та ҳарф эса олтин суви юритилган ҳолда бажарилган.
Тергов билан Клермон-Ферран жандармериясининг қидирув бригадаси шуғулланмоқда. Ўғрилик Франция музейларига қилинган қатор ҳужумлар фонида юз берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциянинг Лазур қирғоғидаги Кань-сюр-Мер шаҳрида жойлашган француз рассоми Пьер Огюст Ренуар музейига икки нафар номаълум шахс бостириб кириб, тўртта санъат асарини ўғирлаб кетган эди.
Live
БарчасиСергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь