Дабдабали тўй қилганлар “ҳашамат солиғи” тўласин – Алишер Қодиров (видео)
Жамият
−
16 Январь 5212 2 дақиқа
Бундан буён Ўзбекистонда дабдабали тўй ўтказаётганлар ҳар бир меҳмон учун одам бошига ҳашамат солиғи тўлайди. Бу ҳақда бугун, 16 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров “Миллий тикланиш” демократик партияси матбуот анжуманида маълум қилди.
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025 йилги фаолияти якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида, тўй-тадбирларни қисқартириш борасидаги савол ўртага ташланди.
“Халқимизда кўрпага қараб оёқ узатиш деган гап бор. Мана шу нарсани тўғри тушуниш керак. Даромадимизни тўйларга исроф қилиш деган нарсадан қочиш лозим. Бу бизнинг – миллатимизнинг иллатлари эканлигини ҳар доим таъкидлаб келганмиз. Тўйдан мақсад икки ёшнинг никоҳини жамоатчиликка эълон қилишми, марҳамат, эълон қилайлик”, дейди депутат.
Бироқ, тўйларга кўп пул сарфлаш яхши эмаслигини, бу пулларни бошқа фойдали нарсаларга инвестиция қилиниши кераклиги ҳам айтилди. Бунинг олдини олишнинг энг мақбул усули эса солиқ жорий қилиш.
“Ҳашаматни хоҳлаяпсизми, ҳашаматни солиғини тўлаймиз. Марҳамат! 10 000 та одам чақириб тўй қилмоқчимисиз? Тўйда одам бошига қараб солиқ ҳисоблансин, марҳамат. 10 000 та одамни солиғини долларлаб қўйинглар... Агар сизга шу керак бўлса, марҳамат!” дейди Қодиров.
Қодиров “ҳашамат солиғи” таклифи билан одамларнинг ўз маблағлари сарфини ва дунёқарашларини ўзгартириш мумкинлиги назарда тутилаётганини алоҳида урғулади.