COVID-19 ва дунё – сўнгги 24 соатда юз берган янгиликлар дайжести

Олам

image

Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар 690 000 дан зиёдни ташкил қилмоқда. Бугунга қадар 33 мингдан зиёд киши вафот этди. 165 минг нафардан кўпроқ бемор шифо топди. Ҳалқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, сўнгги 24 соат ичида 58 411 одам инфекция юқтириб олган, 3215 бемор вафот этган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони яна 1 нафарга ошди. Республикада 31 март ҳолатига кўра, 150 нафар инфекция юқтириб олган бемор бор. Ўлим ҳолати 2 тани ташкил қилмоқда.

Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 8 нафарга кўпайиб, умумий ҳисобда 302 нафарни ташкил қилмоқда. Мамлакатда қабул қилинган янги қарорга кўра, инфекцияга йўлиққан беморларга қараётган шифокорларга 2 млн, агар ўлим ҳолати қайд этиладиган бўлса, унда 10 млн тенге бир марталик ижтимоий тўлов амалга оширилади.

Россиянинг “Роспотребнадзор” Эпидемиология марказий илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан нотўғри-ижобий реакция бермайдиган коронавирус ташхиси учун янги юқори аниқликдаги тест ишлаб чиқилди. Янги тест сезгирлик ва ўзига хосликнинг барча замонавий талабларига жавоб беради. У бир тадқиқот давомида нафақат SARS-CoV-2 ни аниқлашга, балки уни бошқа вируслардан ажратиб олишга имкон беради.

АҚШда 31 март ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси сабаб вафот этганларнинг сони 3000 нафардан ошди. Умумий ҳисобда мамлакат бўйлаб беморлар сони 163,5 одамни ташкил этмоқда.

Канаданинг йирик авиакомпанияларидан бири ҳисобланмиш Air Canada коронавирус фонида ўзининг 15 000 дан зиёд ходимини вақтинчалик бўшатишга қарор қилди. Баёнотга кўра, "COVID-19 нинг бизнесга мисли кўрилмаган таъсири туфайли" авиакомпания 15,2 минг ходимни вақтинча қисқартиради ва 1,3 минг раҳбарини маошсиз таътилга юборади. Янги чоралар 3 апрелдан кучга киради. 

Италияга АҚШ томонидан 100 миллион доллар ёрдам юборилади. Бу пуллар коронавирусга қарши курашда ишлатилади. "Мен ҳозиргина Италия Бош вазирига қўнғироқ қилдим. Бизда қўшимча салоҳият ва маҳсулотлар мавжуд. Италияга тахминан 100 миллион долларлик қийматга эга жарроҳлик, тиббий ва касалхона буюмларини юборамиз", деди Трамп Оқ уйда ўтган матбуот анжуманида.

Германия канцлери Ангела Меркель учинчи бор коронавирус учун тест топширди. Жавоб эса салбий чиқди. “Канцлер ўзини янада хотиржам ҳис қилмоқда. Учинчи бор ўтказилган тест жавоби салбий чиқди”, дейилади хабарда. Ангела Меркель 22 мартдан бошлаб, ўз уйида карантинга олинган.

Бошқа мамлакатларда қуйидаги ҳолат кузатилмоқда: Уганда мамлакатда 14 кунлик карантин режимини жорий қилди. Янги Зеландия эса фавқулодда ҳолат режимини узайтирди. Жанубий Кореяда инфекция юқтириб олганлар сони 9786 нафарга етди. 


Мақола муаллифи

Теглар

дайжест

Баҳолаганлар

390

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг