COVID-19. Ўтган бир кун ичида нималар юз берди?
Олам
−
23 Апрель 2020
10737Сўнгги 24 соат ичида дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ қандай янгиликлар бор? Қандай воқеа-ҳодисалар юз берди? Буларнинг бари QALAMPIR.UZ’нинг 23 апрель кунги дайжестида.
Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони бугунга келиб 2 627 630 нафарни ташкил этмоқда. Ҳозирга қадар 183 336 бемор вафот этди. Инфекциядан 711 144 киши шифо топиб, тузалиб кетди.
Ўзбекистонда 2020 йил 22 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1716 нафарни ташкил қилмоқда. 22 апрель куни коронавирус билан боғлиқ умумий 38 та ҳолат аниқланди. Бу сўнгги икки ҳафта ичидаги энг яхши натижа эканлиги таъкидланди. Бугунгача беморларнинг 7 нафари вафот этган.
АҚШда ўтган бир кун ичида 2139 киши аниқланган янги коронавирус инфекцияси билан вафот этди. Қўшма Штатларда инфекциядан зарарланганларнинг умумий сони 840,897 ни ташкил қилмоқда. Пандемия сабаб мамлакатда 46 640 та ўлим ҳолати қайд этилган, 77 800 киши коронавирус инфекциясидан шифо топган.
Россия пойтахти Москва шаҳрида вирус билан касалланган яна 27 бемор вафот этди. Маълумотларга кўра, улардан СOVID-19 га олинган тесларнинг жавоби ижобий бўлган. Ушбу беморларга пневмония ташхиси қўйилган. Вафот этганларнинг ёши 38 дан 90 гача бўлган. “Беморларнинг аксариятида касаллик бор эди. Уларда гипертензия, сурункали бронхит, қандли диабет, сурункали лимфоцитик лейкемия қайд этилган” дейилади махсус штаб маълумотида.
Германияда “Коронавирус пандемияси”га қарши курашиш учун ҳукумати томонидан киритилган чоралар туфайли 9 май куни “Ўлмас полк” намойиши ўтказилмайди. Бу ҳақда лойиҳа координатори Яна Заугарова хабар берган. Унинг сўзларига кўра, фашистлар устидан Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирда 10 минггача одам қатнашиши мумкин. Бу эса карантин қоидаларини қўпол равишда бузиш дегани. “Бугун биз полиция билан гаплашдик. Афсуски, ҳеч нарса қилиб бўлмайди - юриш бекор қилинди”, деган Заугарова.
Канадада икки мингдан ортиқ одам янги турдаги коронавирус юқтирганидан сўнг вафот этди. Бу ҳақда Жонс Хопкинс университети маълум қилган. Мамлакатда вирус билан зарарланганларнинг умумий сони 41 650 нафарни ташкил этади. Беморлардан 2 080 нафари вафот этган. Пандемия давомида Канаданинг 14 454 аҳолиси коронавирус инфекциясидан даволанишган.
Хитой Давлат соғлиқни сақлаш қўмитаси мамлакатда COVID-19 коронавирус инфекциясидан соғайиб кетганлар сонини эълон қилди. Хабарга кўра, ҳозирги пайтда Хитой касалхоналарида мингдан кам бемор сақланмоқда. Зарарланганларнинг 93,2 фоизи тузалди, 5,59 фоизи вафот этди. Қўмитанинг аниқ маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда Хитойда коронавирус инфекциясининг тасдиқланган ҳолатлари сони 82,798 нафарни ташкил этади, улардан 77 207 нафари даволанган ва касалхоналардан чиқарилган.
LiveБарчаси