COVID-19`ни даволаш учун мослаштирилган Вирусология ИТИ клиникаси одатий ишига қайтди
Жамият
−
16 Ноябрь 2020
6951Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилган шу йилнинг 15 мартидан бери касалликни даволаш билан шуғулланиб келаётган Вирусология илмий текшириш институти клиникаси касаллик ҳажмининг камайиши сабабли шу ойнинг бошидан одатий иш фаолиятига қайтди. Бу ҳақда ССВ хабар берди.
200 ўринга мўлжалланган шифохона сурункали гепатит, цирроз ва бошқа турдаги инфекцион касалликларга чалинган беморларга хизмат кўрсатади.
Вазирликнинг таъкидлашича, Шифохона дунё талабларига жавоб берадиган ноёб лаборатория қурилмалари билан жиҳозланган. Бундан ташқари клиникада кунига 250 қатновга мўлжалланган поликлиника ҳам ишлаб турибди.
Қўшимча қилинишича, Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаси ҳам одатий иш фаолиятига қайтиб, коронавирусдан бошқа турдаги юқумли касалликларга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатишга ўтган.
ССВ Матбуот котиби Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, ҳозирда Тошкентда Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонаси ва “Ўзэкспомарказ”даги тақсимлаш маркази коронавирусга чалинган беморларга хизмат кўрсатяпти.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 70 381 га етган. Уларнинг 67 655 нафари соғайган. Ҳозирда соғайиш кўрсаткичи 96 фоиз бўлиб турибди.
LiveБарчаси