CONCACAF Олтин кубоги: Қатар мусобақани тарк этди, АҚШ финалда

Спорт 1123
image

АҚШ мезбонлик қилаётган CONCACAF Олтин кубогида яримфинал баҳслари бўлиб ўтди. Унга кўра, АҚШ ва Мексика мусобақа финалига йўл олди.

Ярим финалнинг биринчи учрашувида Қатар сўнгги дақиқаларда тўп ўтказиб, мезбонларга имкониятни бой берди. Эътиборлиси, 61-дақиқада осиёликлар сардори Ҳасан ал-Ҳайдос пенальтидан фойдалана олмади. 86-дақиқа Зардес гол киритиб, америкаликларни финалга олиб чиқди.

Иккинчи ярим финал беллашувининг якуни драматик тарзда кечди. Унда Мексика Канада билан баҳс юритди. Пинеда мексикаликларни олдинга олиб чиққан бўлса, Бьюкенен мувозанатни тиклади. Бироқ иккинчи таймга қўшиб берилган 9-дақиқада Эктор Эрреранинг голи эвазига Мексика ғалабани илиб кетди.

Мусобақанинг  финал учрашуви 2 август куни бўлиб ўтади. 2019 йилги мусобақанинг финалида ҳам айнан Мексика ва АҚШ терма жамоалари тўқнаш келган, якунда эса “Ацтеклар юрти” вакиллари ғалаба қозонган эди.

Маълумот ўрнида, Осиё ва Шимолий Америка минтақаларининг футбол уюшмалари 2018 йилда дунёнинг ҳар иккала қисмида ушбу спорт тури ўсишини қўллаб-қувватлаш учун стратегик ҳамкорлик ўрнатди. Бу келишув доирасида Қатар терма жамоаси 2021 ва 2023 йилги CONCACAF Олтин кубоги турнирида иштирок этишга таклиф қилинди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 12
Рейтинг: 2.9
t
×