Чусовитина граффитига ким юбка “кийгизган”ини айтди

Жамият 19721
image

Аввалроқ, Inkuzart тахаллуси билан ижод қилаётган кўча рассоми томонидан 2021 йил август ойида чизилган гимнастикачи Оксана Чусовитина граффитига муаллиф рухсатисиз ўзгартириш киритилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолатга спортчининг ўзи муносабат билдирди. 

Унинг сўзларига кўра, дастлаб граффитга номаълум шахслар томонидан зарар етказилган. Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Оксана Чусовитинага қўнғироқ қилиб, шаҳар маъмурлари суратдаги спортчининг сузиш кийимига юбка қўшиб расмнинг бузилган қисмларини тузатишга қарор қилганини айтган. Чусовитина эса рози бўлган.

“Ҳурматли дўстларим ва мухлисларим! Мен сизнинг ҳар бирингизни қадрлайман ва ҳурмат қиламан ҳамда ҳар қандай вазиятда ҳам қўллаб-қувватлаётганингиздан хурсандман. Саккизинчи марта Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, Япониядан қайтиб келганимдан сўнг, Чилонзор туманидаги турар-жой биноларидан бирининг фасадида муаллифи Inkuzart бўлган ноодатий арт-объект пайдо бўлди. Бу мен учун ва менинг чиқишларимни кузатиб юрадиган, тақдиримга қизиқадиган барча учун ёқимли бўлди. Расм катта резонансга сабаб бўлиш билан бирга юртдошларимиз томонидан жуда кўп ижобий фикрлар олди. 

Лекин, афсуски, жамиятимизда ҳали ҳам давлатимизнинг турли соҳаларида, хусусан, санъат ва спортда амалга оширилаётган бунёдкорлик ҳамда ислоҳотлар ёт бўлган, ҳаётдаги мақсади ўйин-кулгудан иборат, онги паст фуқаролар ҳам учраб турибди. Уларнинг мақcади объектларни бузиш, таҳқирлаш ва зарар етказишдир.

Мен расмим билан қилинган ишларни фақат вандализм деб аташим мумкин. Шундан сўнг шаҳар маъмурлари сузиш кийимимга юбка қўшиб расмнинг бузилган қисмларини тузатишга қарор қилди. Шахсан менга Тошкент шаҳар ҳокимлигидан қўнғироқ қилди ва бўлган воқеани айтди. Бундай эътибор учун жуда миннатдорман. Мен эса бепарво фуқароларга баркамол ўз-ўзини ривожлантиришга интилишларини, кўпроқ мумтоз ва илмий адабиётларни ўқишларини, спорт билан шуғулланишларини ва маънавий жиҳатдан юксалишларини тилайман”, дея ёзиб қолдирди спортчи ўзининг Instagram’даги саҳифасига.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани кўчаларидан бирига чизилган суратда дастлаб Оксана Чусовитина калта кийимда, қўлида байроқ тутиб турган эди. Аммо байроқнинг ярми чизилганди, холос. Аммо киритилган ўзгартиришдан сўнг, гимастикачининг орқа фонидаги байроқ ҳилпираб, унинг уст кийими узунлашган. 

Эслатиб ўтамиз, спорт гимнастикасининг таяниб сакраш дастурида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган афсонавий спортчи Оксана Чусовитина Париж-2024 Олимпия ўйинларида иштирок этмоқчилигини маълум қилган эди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 489
Рейтинг: 3.1
t
×