Чўчқаларни масжидларда сўйилишига жим турганлар биздан ташвишланяптими? – Илҳом Алиев

Олам

image

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев бундан 28 йил аввал Арманистон босиб олган ва бугун яна Озарбайжон назорати остига ўтган ҳудудлардаги тарихий христиан ибодатхоналарнинг тақдири нима бўлишига аниқлик киритди. У бугун Ғарб сиёсий элитаси айни шу саволни кўндаланг қўяётганига эътибор қаратди. Давлат раҳбарининг қайд этишича, Ғарб сиёсатчиларининг озарбайжоннинг ишларига бурнини суқишга ҳаққи йўқ. 

“Бугун уруш тугаганидан сўнг, Ғарб доираларининг айрим раҳбарлари Озарбайжон назорати остига ўтган, озод қилинган ерларда христиан ибодатхоналарининг тақдири нима бўлади, деган саволни кўтармоқда. Улар мен билан суҳбатда ҳам, расмий баёнотларда ҳам ташвиш билдирмоқда. Ҳеч ким ташвишланмасин, айниқса, исломофобик ҳиссиётларни қўзғатадиган, исломий зиёратгоҳларни таҳқирлашга кўз юмадиган ва ҳатто уларни таҳқирлаганларни оқлайдиган Ғарб давлатлари раҳбарлари. Биринчидан, уларнинг бу ҳақда гапиришга ҳақлари йўқ.  Иккинчидан, бизнинг ҳудудимиздаги барча черковлар – тарихий меросимиздир”, дейди Президент Илҳом Алиев. 

Отаси Ҳайдар Алиевнинг вафотидан кейин, 2003 йилдан буён Озарбайжонни бошқариб келаётган Алиев бугун мамлакатда ўрнатилган диний байрикенглик сиёсатини, ҳатто, халқаро ташкилотлар тан олаётганини ҳам алоҳида урғулади. У мамлакатда ўтаётган халқаро даражадаги форумларда бу масалалар атрофлича муҳокама қилинишини айтди. 

Президентнинг қайд этишича, Озарбайжонда ҳар йили Баку гуманитар форуми ёки маданиятлараро мулоқот форуми ўтказилади. Шунингдек, жаҳон диний раҳбарларининг саммитлари бўлиб ўтади. 

“Биз ҳақимизда нима дейилганига қаранг. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Озарбайжонда ислом динига бўлган муносабатни мисол тариқасида келтиради. Рус православ черкови патриархи Кирилл Бакуда бўлганида Озарбайжонда бу соҳада олиб борилган ишларни юқори баҳолади ва православ черковларига ташриф буюрди. Бакуда бўлган Папа Франциск ўзининг расмий нутқида Озарбайжонда диний бағрикенглик, кўп маданиятлилик ҳақида гапирди”, дейди Президент. 

Илҳом Алиев сўзида давом этаркан, христиан черковларнинг тағдири ҳақида, айниқса, бугунгача мусулмон олами масжидларига сўйилган чўчқалар бошларини улоқтириб келаётганлар хавотир билдирмаслигини кераклигини уқтирди. 

“Бу масалада ким бизга даъво қилиши мумкин? Масжидларни ёпадиган ким? Ёки сўйилган чўчқаларнинг бошларини мусулмон масжидларига улоқтирганлар биздан ташвишланяптими? Биз учун бирон бир ташвиш билдиришнинг ҳожати йўқ. Бизнинг барча тарихий ёдгорликларимиз давлат муҳофазасида. Менинг топшириғимга биноан ва давлат маблағлари ҳисобига ҳозирги кунда иккита православ черкови таъмирланмоқда, учинчиси аллақачон таъмирдан чиқди. Маъмурий бино қурилмоқда. Уруш пайтида Ҳайдар Алиев жамғармаси Уди биродарларимизнинг черковини таъмирлаб, фойдаланишга топширди. Кавказ Албаниясининг черковлари – миллий бойлигимиздир, жумладан Грузия черковлари, арман черкови”.  

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни UNESCO бош директори Одре Азуленинг Тоғли Қорабоғ бўйича баёноти эълон қилинди. Унда ташкилотнинг Арманистон ва Озарбайжонга можаро тугаганидан кейин Тоғли Қорабоғнинг тарихий меросини сақлашда ёрдам беришга тайёр экани ва у ерга бир гуруҳ мутахассисларни юборишни режалаштираётгани ёзилган. Илҳом Алиев ўз нутқида UNESCO’нинг ташрифига тайёрлиги, аммо ташкилот кузатувчилари энг аввало Қорабоғда вайрон қилинган тарихий масжидларни кўздан кечириши кераклигини айтади. 

“Биз UNESCO билан жуда яқин ҳамкорлик қиламиз.  Агар улар христиан черковларига боришни истаса,  аввал бу ерга келсин. Келиб, арман ваҳшийлари бу ерда нима қилганини айтсин”, дейди давлат раҳбари.

Президентга кўра, Озарбайжоннинг ички ишларига аралашишга бошқа давлатларнинг, айниқса, Ғарб давлатларининг ҳаққи йўқ.  

“Бир неча йил олдин Минск гуруҳига ҳамраислик қилаётган мамлакатларнинг элчилари ушбу масжидга ташриф буюришган. Улар икки маротаба фактларни аниқлаш миссиясини ўтказдилар ва менга Ағдам масжидига ташриф буюрганликлари тўғрисида хабар беришди. Нега ўшанда бу саволни кўтармадингиз? Нега бу ҳолат баъзи Ғарб раҳбарлари орасида ташвиш туғдирмади? Бу шуни англатадики, мусулмон масжидларини хорлаш, уларда сигир, чўчқани сақлаш ва сўйиш мумкин?! Агар шундай бўлса, буни тан олсинлар. Ва улар ўз мамлакатларидаги муаммоларни ҳал этишсин, бизнинг ишимизга бурун суқишмасин. Ҳеч ким бизнинг ишимизга аралашмасин. Биз ўз кучимиз билан шу кунга етиб келдик. Ҳар ким ўз ишини қилсин. Бизнинг ишимизга аралашмоқчи бўлганларга биз жавоб бердик ва жавоб берамиз”, дейди Илҳом Алиев.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 23 ноябрь куни вице-президент – мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева билан Ағдам шаҳридаги XIX асрдан қолган ва мустамлака даварида молхонага айлантирилган тарихий масжидга бориб, вайронага айланган бино ичига оёқяланг кирди ва унинг деворларини ўпди. Президент масжидга Маккадан келтирилган Қуръони Каримни совға қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

523

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг