Чорвачилик фермер хўжаликларидан янги йиғим ундирилмоқчи. МҚКҚ бунга қарши

Жамият

image

Монополияга қарши курашиш қўмитаси “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини янада ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасини кўриб, тегишли тартибда лойиҳага ўз таклиф ва эътирозларини юборди.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тайёрланган ва қўмитага юборилган фармон лойиҳасининг 9-бандида 2021 йил 1 январдан бошлаб, чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларидан йиллик умумий даромадининг 0,5 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши, чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларидан ундириладиган йиғимлардан тўлиқ ҳажмдаги тушумлар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилиши кўрсатилган.

Фармон лойиҳасига илова қилинаётган Ўзбекистонда чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган Стратегиясининг 4-бўлими ҳамда “Йўл харитаси”нинг 129-бандида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида “Ўзчорвасуғурта” суғурта фондини ташкил этиш кўрсатилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарига кўра, “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги қонун 20-моддасига асосан фермер хўжалиги пул муомаласини юритиш ҳамда пул маблағларини сақлаб туриш учун банк муассасасида ҳисобварақлар очиш ва бу маблағларни эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга. 

Фермер хўжалигининг ҳисоб-китоб варағидан маблағларни фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ёки суднинг қарорига биноан ҳисобдан чиқариш мумкин.

Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун 34-моддасига асосан давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги, 21-моддасида тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўз пул маблағларини мустақил равишда тасарруф этиши белгиланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни 12-моддасига асосан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий маблағларнинг манбаларини танлаш ва улардан фойдаланиш йўналишларининг афзаллиги тўғрисида хўжалик юритувчи субъектга кўрсатмалар бериши, айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун бошқа камситувчи ёки имтиёзли шартлар (шароитлар) белгилаши тақиқланади.

Қўмита юқоридагилардан келиб чиқиб, Фармон лойиҳасининг 9-бандини чиқариб ташлаш лозимлигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

чорвачилик

Баҳолаганлар

109

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг