Чорва молларини кўпайтиришга имтиёзли кредит ва компенсация берилади
Жамият
−
16 Февраль 2022
28038Ўзбекистонда чорва молларини кўпайтириш учун имтиёзли кредит ва компенсация берилади. Бу ҳақда бугун, 16 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Йиғилишда кооперация орқали чорвани кўпайтириш вазифаси қўйилди ва намунали тажрибалар кўрсатиб ўтилди:
• ҳоким ёрдамчиси ва фермер хўжалиги ҳамкорлигида аҳолига қорамол ҳамда қўй ва эчки тарқатилган, етиштирилган сут ва гўштни сотиб олиш йўлга қўйилган Миришкор тажрибаси;
• томорқа хизмати корхонаси аҳолига 2-3 тадан наслли қорамол тарқатган, ветеринария хизматларини бепул кўрсатаётган, гидропоника усулида озуқа етиштиришни йўлга қўйган Чуст ҳамда ер ресурслари чекланган шароитда хонадонларда 20 тагача зотли қорамол боқилаётган Балиқчи тажрибаси;
Қайд этилишича, бу тажрибаларни кенгайтириш учун хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади, 14 фоиздан ошадиган қисмига компенсация ва кредитнинг 50 фоизига кафиллик, гидропоникада озуқа етиштириш ускуналарини харид қилиш харажатининг 20 фоизи қоплаб берилади.
Паррандачилик корхонаси аҳолига 50-100 бош хонаки парранда ва инкубатор тарқатган, мингтадан тухум сотиб олиш ва парранда кўпайтириш йўлга қўйилган Тахиатош тажрибаси алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда қўй-эчкилар сонини кескин кўпайтириб, аҳолини жундан маҳсулот тўқиб, даромад топишга рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланди. Бу борада Ангрен, Косон, Ромитан ва Навбаҳордаги кооперация бўйича намунали тажрибалар кўрсатиб ўтилди ва уларни икки ой муддатда 60 та туманда йўлга қўйиш топшириғи берилди.
Йил якунига қадар наслли қўй кўпайтириш бўйича 133 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бунда:
• жун ва сут йўналишида наслли қўй ва эчки харид қилиш учун 5 йилгача 3 йил имтиёзли давр билан;
• чорвачилик хўжаликлари томонидан аҳоли хонадонларидан жун ва сут маҳсулотларини сотиб олишга 12 ойгача 9 ой имтиёзли давр билан;
• ем озуқа, шунингдек сут, гўшт ва жунни қайта ишлаш цехларини ташкил этишга 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан кредитлар ажратилади.
Аҳолига ушбу кредитлар ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида 50 миллион сўмгача гаров таъминотисиз ажратилади, кредит фоизининг ярмини қоплашга компенсация берилади.
LiveБарчаси